"Ҳайвонлар қироли" мақоласи Путиннинг мухолифатга муносабати устидан кулади

Image caption Путин жанобларининг "Буғу ороли"га сафари

Олди-қочди хабарлари билан россияликлар орасида оммабоп ҳисобланган "Московский Комсомолец" рўзномаси Бош Вазир Владимир Путиннинг "Буғулар ороли" боғида буғу болаларини озиқлантираётган суратларини чоп этган.

Рўзномага кўра, Путин жаноблари борган сари ҳайвонларга яқинлашмоқда, чунки ҳайвонлар одамзот каби ундан пул, эркинлик ва намойиш ўтказиш ҳуқуқларини талаб қилишмайди.

"Борган сари Бош Вазир Путин "ҳайвонона ҳаёт" юритмоқда. Йўлбарслар, оқ айиқлар... Мана энди буғуларнинг навбати етди," деб ёзилган "Ҳайвонлар қироли" сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада.

Мақолада айтилишича, ҳукумат бошлиғини йирик делегация кутиб олган. "Улар орасида боғнинг раҳбарияти ва ходимлари, ва албатта буғулар ҳам бор эди. Меҳмоннинг эътиборини айниқса жозибали буғу Луша тортди, уни Путин сабзи ва нон билан озиқлантирди".

Мақола муаллифига кўра, Путин жаноблари Лушадан яна нима исташини сўраган. "Балки музқаймоқ ҳам керакдир? Путин қандай жавоб кутганини билиш қийин, балки у буғу тил чиқариб гапириб юборишини ёки бошини чайқатишини кутганди? Бироқ, Луша камтарлик қилиб жим турди. Унинг ўрнига буғулар биостанцияси технологи Ольга Фатеева жавоб бериб "У ҳали музқаймоқ еб кўрмаган," дея жавоб берди".

Мазкур ҳайвонот боғидаги биостанцияда жароҳат олган ва нимжон буғулар тиббий муолажадан ўтади. У ердаги буғу болаларини бориб кўрган бош вазир ғайриоддий ҳолда меҳрибон, кўнгли эриган бўлиб намоён бўлгани тасвирланади.

Буғуларни сут шишасидан озиқлантирар экан, Путин жаноблари "Вой-вой-вой! Қандай кулгили! Тишламагин ва чаппилламагин. Ким овқат еганда чаппиллайди? Чўчқачалар..." дея Путин буғу болалари билан суҳбатлашганидан Московский Комсомолец ҳайратга тушган.

"Бу кўнгли юмшоқ одамга қараб, олдимизда Владимир Путин турганига ишониш қийин эди. Лекин, у ҳақиқатан ҳам Путин эди. Қаршимизда кундан-кунга ҳайвонларга меҳр қўяётган (ва кундан-кунга одамларни жиғи суймай бораётган) бош вазир турарди. Уни ҳам тушунса бўлади. Ҳайвонлар пул сўрамайди, ўз ҳуқуқлари ва эркинлари билан қизиқишмайди, "Норозилар юриши"га рухсат беришлари ё бермасликлари ҳақида сўрашмайди," дея ҳулоса қилади рўзнома.

Image caption Бош Вазир Путин мухолифат ва эркин матбуотга нисбатан тоқатсизлиги билан танилган

"Норозилар юриши"га рухсат дея Московский комсомолец яқинда жаноб Путин ва маданият арбоблари ўртасида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган суҳбатга ишора қилишмоқда.

Youtube видео бўлишув интернет саҳифасида пайдо бўлган ва ноодатий самимийлиги билан кўпларнинг эътиборини тортган "айтишув"да қўшиқчи ва сиёсий фаол Юрий Щевчук дастурхон атрофида Россиядаги сиёсий эркинликлар аҳволини танқид қилиб, бош вазирдан нима учун "Норозилар юриши" куч билан бостирилишини сўрайди.

Путин бу саволга жавоб берар экан, анча қизишгандек намоён бўлган. Мамлакат хавфсизлик кучларини ҳимоя қилар экан, бош вазир мухолифат юришларига рухсат берилмаслигини мухолифатчиларнинг оммага халақит берувчи жойларни намойиш учун танлашларини билан изоҳлайди. Унга кўра, намойишчилар, масалан, дала ҳовлига отланган шаҳарликларнинг йўлини тўсиб қўйиши мумкин.

"Московский комсомолец", Москвадаги мухбиримизга кўра, мухолиф қарашлари билан танилмаган ва Путин ҳақида бу каби мақола ёзиши ғайриоддий ҳол.

Унга кўра, бу Россия Президенти Дмитрий Медведев ва Путин жаноблари ўртасида 2012 йил президентлик сайловларидан олдин бошланган рақобат ва ҳатто курашнинг бир кўриниши бўлиши мумкин. Россия матбуотида бу каби кураш ҳақида аллақачон мақолалар пайдо бўлишни бошлаган.

SMS рақамимиз: +44778620112