Полша учоғи ҳалокати қурбонларини талаганлар ҳибсга олинган

Россия прокурорларига кўра, апрел ойида Смоленск яқинида ҳалокатга учраган Полша президенти учоғида ҳалок бўлган йўловчи кредит картасидан фойдаланишда гумон этилиб тўрт аскар ҳисбга олинган.

Полшалик терговчилар билдиришича, учоқда бўлган Полша Кураш хотирасини асраш ташкилоти раҳбари Анджей Пшевозникка тегишли банк картасидан 6000 Полша злотийси(1730 АҚШ долларидан зиёд) олинган.

Полша тарафининг ушбу хабарини бошида Россия Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирликлари рад этишган эди.

Мудофаа вазирлигидан маълум қилишларича, кафандуздлик ҳолати бўйича муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган тўрт аскар ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, аскарлар айбни бўйниларига олишган ҳамда кўрсатма беришни бошлаганлар.

Россия Мудофаа вазирлиги, агар аскарлар айбдорлиги маҳкамада исботланса, ўғирлик учун вазирлик номидан кечирим сўраш ва товон пули тўлашга тайёрлигини айтган.

Ҳодисани тергов қилаётган прокуратура тергов қўмитасидан маълум қилишларича, "ўзаро тил бириктириб, гуруҳ томонидан ўғирлик содир этиш" банди бўйича жиноий иш очилган.

Прокуратурага кўра, тўрт аскардан уч нафари илгари ўғирлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш айблари билан маҳкамага тортилган.

Полша президентининг хотира маросимига бораётган учоғи Россиянинг Смоленск шаҳри яқинида 10 апрел куни ҳалокатга учраган, учоқдаги 95 киши ҳалок бўлган эди.

7 июн куни Варшава прокуратураси сўзчиси Моника Левандовсканинг айтишича, ҳалокат рўй берганидан кейин икки соат ўтиб, банк картасидан биринчи марта нақд пул суғуриб олинган.

Кейинги уч кун мобайнида касса аппаратидан нақд пуллар олинган.

8 июн куни Давлатлараро Авиация қўмитаси учоқнинг ер билан тўқнашиши олдини олиш ускуналари қандай ишлагани борасида ўтказган текшируви натижасини эълон қилди.

Давлатлараро Авиация қўмитасига кўра, Ту-154 учоғида бирор бир носозлик бўлмаган.

Бир ҳафта илгари Полша расмийлари учоқ "қора қутиси"даги ёзувларни эълон қилишди.

Бу ёзувлардаги суҳбатларга кўра, учоқ жиҳозлари заминга яқин масофа қолаётгани ҳақида 10 мартадан зиёд огоҳлантириш берган, бироқ бу огоҳлантиришларга қарамасдан, учувчилар учоқни пасайтиришда давом этганлар.

Авиаҳалокат сабабларини ўрганиш учун ташкил этилган Полша ҳукуматига комиссияси келган хулосага кўра, экипаж аъзоларининг хатоси туфайли Ту-154 учоғи қулаган.