Исломобод яқинида НАТО юк карвонига қуроллилар ҳужуми

Ҳужум саҳнаси
Image caption НАТО карвонига ҳужумда 20 та юк машинаси ёқиб юборилган

Покистон пойтахти Исломобод яқинида қуролли шахслар НАТО карвонига ҳужум қилганлар. Натижада камида 7 одам ўлдирилган ва бир неча автомашина ёқиб юборилган.

Тунги ҳужум Исломободдан 10км ташқарида содир этилган.

Ўнлаб қуроллилар иштирокидаги ҳужумда 20та юк машинасига ўт қўйилган, миллионлаб долларлик ҳарбий тажҳизот яксон қилинган.

НАТО юк машиналари Афғонистондаги иттифоқчи кучларга юк олиб бораётган бўлган.

"Ҳужум маҳаллий вақт билан соат 23:35 ларда юз берди ва биз ҳозирда унинг қандай содир этилганини аниқлашга ҳаракат қилаяпмиз," деди юк машиналари жойлаштирилган Турнол минтақаси полициясининг бошлиги.

"Ҳужумчилар машиналар турган гаражга келиб, ўт оча бошлашган," деди у "Рейтер" хабар агентлигига.

Исломобод полициясининг бош инспектори Калим Имамга кура, ҳозирда полиция икки енгил машина ва мотоциклларда қочишга муваффақ бўлган қуролли шахсларни қидирмоқда.

Полициянинг илова қилишича, ҳужумда яна камида тўрт одам жароҳат олган. Қурбонларнинг юк машиналари ҳайдовчилари ва маҳаллий аҳоли вакиллари экани ишонилади.

Афғонистонда жойлашган 130 минг хорижий кучларга зарур бўлган таъминотнинг 75 фоизига яқини Покистоннинг Карачи бандаргоҳи орқали киритилади.

Бу ҳайдовчилар учун даромадли иш, аммо покистонликлар ғарб кучларининг Афғонистон ва минтақадаги амалиётларидан дарғазаб, дейди Би-би-си мухбири Бил Ҳэйтон.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқчи кучлар Россия ва Марказий Осиё орқали Покистонга муқобил йўлларни излашмоқда ва сўнгги ҳужум мазкур ҳаракатларни янада жадаллаштириши аниқ, дея илова қилади Би-би-си мухбири.

SMS рақамимиз: +447786201124