Россия ҳукумати спиртли ичимликларга солиқларни оширишни режаламоқда

Араоқ ичқаётган россияликлардан бири
Image caption Россия ичкиликбозлик кенг тарқалган мамлакатлардан бири саналади

Россия ҳукумати спиртли ичимликларга солиқларни катта миқдорда кўтаришни режалмоқда. Бу билан келаси икки йил ичида бир шиша ароқ нархи икки баравардан кўпроққа ошиши мумкин.

Мамлакатдаги ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналар бунга қарши кучли норозиликларини билдиришган. Уларга кўра, бундай қадам спиртли ичимликларни ноқонуний ишлаб чиқариш ҳоллари ортишига етаклаши мумкин. Ҳукумат аллақачон жорий йил бир шиша ароқ учун янги нарх белгилаганди. Мазкур қарор ортидан мамлакат бўйлаб сотиб олиш мумкин бўлган айрим турдаги ичимликлар нархи икки баравардан кўпроққа ошганди.

Энди Молия вазирлиги кучли спиртли ичимликлар учун солиқларни оширишни режаламоқда. Бу 2012 йил ароқнинг нархи яна икки ҳиссага ўсишини англатади.

Ушбу уринишлар ҳукуматнинг россияликларнинг ҳаддан ортиқ ичкиликка муккасидан кетиши ҳолларини камайтиришга қарши саъй-ҳаракатлари бир қисмидир. Аҳоли истеъмол қилаётган тоза спиртнинг ўртача ҳажми 1990 йиллардан бери икки бараварга ортган.

Расмий статистик маълумотларга биноан мамлакатда камида икки миллион одам "алкагол", яъни "ичкиликбоз" сифатида қайд этилган. Ва бу Россиядаги ўлим ҳоллари ортидаги асосий сабаблардан биридир.

Алкаголнинг арзонлиги муаммонинг бир томони. Аммо, ичимлик ишлаб чиқарувчи ширкатлар нархларнинг кескин ошиши ишлаб чиқаришни яширин шаклга ўтишига етаклайди деган огоҳлантириш билан чиқишди. Бу эса, ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Ва кўпчилик ҳукумат тилга олинаётган ўзгаришларни амалга тадбиқ эта олишига шубҳа билан қарайди.

SMS рақамимиз: +447786201124