HRW: "Томошабин бўлиб ўтириш масъулиятсизликдир"

Image caption Халқаро кузатувчилар қирғиз кучларининг танг вазиятни еча олишига ишонмайдилар

Америкада жойлашган Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Бирлашган Миллатларни Қирғизитсонга барқарорлик келтиришга чақирди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Жанубий Қирғизистондаги зўравонликларга ҳозиргидек томошабин бўлиб ўтириши масъулиятсизликдир, дейилади Human Rights Watch баёнотида. Би-би-си низолар бир қадар босилгани айтилаётган ҳозирги ҳолатда бу каби чақириқ билан чиқишгани сабаби борасида Human Rights Watch вакили Пегги Ҳиксдан сўради.

Ҳикс: Жанубий Қирғизистондаги вазият халқаро барқарорликка таҳдидлигича қолаяпти. Шу боис Бирлашган миллатлар хавфсизлик кенгаши бу борада амалий ишга қўл уриши керак. У ерда аҳвол ўта нозик. Ҳар қандай пайтда вазият янада оловланиб кетиши хавфи бор. Юз минглаб одамлар уй жойларини ташлиб қочишга мажбур бўлишган. Халқаро ҳамжамияти бу ҳолатни яхшилаш учун Қирғиз ҳукуматига ёрдам кўрсатиши керак.

Би-би-си: Лекин мана ҳозир Қирғиз расмийлари вазият изига тушаётгани, Ўзбекистонга ўтган қочқинларнинг аксари қайтиб келганини айтишмоқда. Лекин энди шу кунга келиб сизлар БМТни бирон амалий иш қилишга чақираяпсиз?

Ҳикс: Биз у ерларда бўлиб, вазиятни бевосита ўргандик. Ўшда одамлар билан гаплашдик. Ўзбеклар асосли равишда ўз хавфсизликлари таъмин этилмаганидан қўрқувдалар. Бундай ҳолатда ўртада ишончни тиклаш зарур. Икки жамоанинг бошини бирлаштириш учун эса у ерда ҳозир халқаро ёрдам зарур. Айнан бу ўринда Қирғиз ҳукумати истаётган барқарорликни барпо этиш учун ҳам халқаро иштирок муҳимдир. Шаксиз, у ердаги вазият учун ҳозир Қирғизистон муваққат ҳукумати масъулдир. Бироқ ҳозирги шароитда барча ишни уддалайди деб бу ҳукуматга суяниб бўлмайди. Чунки у ердаги ўзбеклар асосли равишда бунга ишонмайдилар ҳозир. Би-би-си: Сизнингча, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳозир айнан нима қилиши мумкин? Яъни тинчликпарвар кучлар киритсинми ва ё қандайдир воситачилик йўлини тутсинми?

Ҳикс: Барқарорлик ва хавфсизликни тиклаш учун Хавфсизлик Кенгаши Қирғиз ҳукуматига қисқа муддатли, кичикроқ бир ёрдам кўрсатиши лозим. Балки кичикроқ полиция кучларини киритиш керакдир. Масалан, 300-400 кишилик халқаро полиция кучларини киритса бўлади. Бу полиция кучлари эса у ердаги ўзбекларни ҳимоя қилишлари керак. Ана шунда келажакда яхшироқ мулоқот ва барқарорлик ўрнатиш имкони юзага келади. Ҳозир Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам у ерда кўпроқ ишларни амалга ошириш заруратини айтмоқда. Бизнингча, Хавфсизлик Кенгаши ҳам бу режаларни қўллаши зарур керак.

Би-би-си: Халқаро ҳамжмият Қирғизистон жанубида зўравонликлар авжига чиққан бир паллада ҳам томошабин бўлиб, қўл қовуштириб ўтиргани кўп бора айтилмоқда. Сизнингча, не боис ҳеч ким зудлик билан амалий чораларга қўл урмади?

Ҳикс: Халқаро ҳамжамиятнинг имиллаб муносабат билдирганини кечириб бўлмайди. Ҳатто ҳукуматнинг ўзи ёрдам сўраб турганди. Одамлар хавф остида қолаётган, кўп сондаги аҳоли уй-жойини ташлаб қочишга мажбур бўлган бир пайтда уларга ҳеч қандай кўмак кўрсатилмади. Зўравонликларни тўхтатиш учун эса ҳукумат салоҳияти ҳам йўқ эди. Тўғри, БМТ, Оврўпо Иттифоқи ва Оврўпода ахвфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотлари минтақага вакилларини жўнатдилар. Аммо бу етарли эмасди. Яна бир масала - Россия қандай муносабат билдираркан, нима қиларкан деб қараб туришди.

SMS рақамимиз: +447786201124