Медведев ва Обама савдо алоқалари ва Қирғизистонни муҳокама қилишади

Image caption Медведевга Калифорнияда Губернатор Арнольд Шварценеггер мезбонлик қилди

Россия Президенти Дмитрий Медведев Барак Обама билан ўзаро иқтисодий алоқаларни муҳокама қилиш учун Вашингтонга келган.

АҚШ ва Россия президентларининг навбатдаги учрашуви кун тартибидан минтақавий можаролардан тортиб савдо ҳамкорлигигача бўлган кенг қамровли масалалар ўрин олган.

АҚШ пойтахтига Медведев Калифорниядан учиб келган. У ўз сафарини пайшанба куни айнан Калифорниядан бошлади.

Россия раҳбарининг илк расмий ташрифидан кўп натижаларга умид қилинмоқда.

Ташриф иккала томон ўртасида илиқлашаётган муносабатлар манзарасида юз бермоқда. Апрель ойида икки раҳбар ядро қуроллари сони чеклаш бўйича янги келишувга имзо чекишганди.

Ўзаро илиётган алоқаларнинг яна бир ишораси сифатида АҚШнинг Чехия ва Польшада аксил-ракета қурилмаларини ўрнатиш режаларидан воз кечиши келтирилади. Бунинг эвазиша Москва Эронга қарши БМТ резолюциясини қўллаб-қувватлашга рози бўлган.

Аммо, айни дамда, Оқ Уйнинг Россия билан яқинлашувининг танқидчилари аслида ҳамма гап қоғозда экани, ҳамда АҚШ манфаати йўлида бир томонлама ёнбосишлар берилганини айтишади.

Дмитрий Медведевнинг уммон ортига сафаридан асосий мақсад америкалик шерикларни Россия иқтисодига ёрдам беришга кўниктириш, хусусан иқтисодни заҳираларга тобеъликдан халос этиб, унга юқори даражали технологияларни жалб этишдир.

Эътиборга лойиқ жиҳати шуки, Медведев ўз сафарини Калифорниядаги "Кремний Водийси"дан бошлаган. Google, Apple ва Twitter каби ширкатлар қароргоҳи жойлашган водий юқори технологиялар қўлланиши бўйича биринчи ўринда туради.

Россия ҳукумати Москва яқинида шунга ўхшаш бизнес ҳудудини яратишни истайди.

Президент Медведевга "Ростехнологии", "Ренова", ОНЭКСИМ, КамАЗ, "Северсталь", "Сухой", "Русский стандарт", Новолипецкий металлургический комбинат, "Волга-Днепр", "Илим", "Трубная металлургическая компания" ширкатлари раҳбарлари шериклик қилишмоқда

Америкалик таҳлилчиларга кўра, Россия ва АҚШнинг бугунги аҳволи ҳар қандай можароларга нисбатан эҳтиросларга берилмасдан жавоб қайтаришларига замин яратади.

Бунга, уларнинг фикрида, икки мамлакатнинг ҳам ҳарбий базалари жойлашган Қирғизистон можаросини мисол қилиб келтириш мумкин.

АҚШ президентининг Россия бўйича маслаҳатчиси Майкл Макфолга кўра, агар қирғиз можароси икки йил аввал юз берганида эди, ҳамма "Россия ва АҚШ ўртасидаги зиддият" ҳақида гапирган бўлар эди. "Бугун биз бундай талқиннинг гувоҳи бўлмаяпмиз, бунинг ўзи тараққиёт бўлганига ишора қилади," - деди у.

SMS рақамимиз: +447786201124