Швеция парламенти қаршисида норозилик акцияси

Қирғизистондаги хунрезликка қарши норозилик тадбирлари дунёнинг кўплаб нуқталарида ташкил этилди
Image caption Қирғизистондаги хунрезликка қарши норозилик тадбирлари дунёнинг кўплаб нуқталарида ташкил этилди

Стокхолм шаҳридаги Швеция парламенти қаршисида Қирғизистондаги ҳодисаларга бағишланган норозилик акцияси уюштирилди.

Норозилик амалиётини Швецияда истиқомат қилаётган ўзбеклар жамоаси вакиллари ташкил этишган.

Унда мамлакатда яшаётган ўзбеклар, турклар ва уйғурлар, Швециядаги Яшиллар партияси депутати, жами 40 нафарча иштирокчи қатнашган.

Ташкилотчиларга кўра, Швеция парламенти биноси қаршисидаги тадбир Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан содир этилган хунрезликларга қарши бошланган муддатсиз норозилик амалиётларининг бир қисмидир.

Норозилик акциясини уюштирганлар Бирлашган Миллатлар ташкилотининг тинчликни таъминлаш кучларини Қирғизистонга киритиш ҳамда қонли ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишни талаб қилганлар.

"Қирғизистон ўзбекларига қарши бошланган бу геноцидни зудлик билан тўхтатиш, мамлакатга БМТнинг тинчликпарвар кучлари Қирғизистонга киритилиши ва Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар халқаро ташкилот ҳимояси остига олиниши шарт", дея баёнот тарқатган Стокхолмдаги норозилик акцияси ташкилотчилари.

Тадбир ташкилотчиларидан Тўлқин Қораевнинг Би-би-сига айтишича, улар ўзларининг талабларини Швеция расмийларига тақдим этишган ва Швеция мулозимлари ҳам бу талабларни дастакламоқдалар.

"Одамларни тириклайин ёқиб юбориш, гўдакларни уйнинг ичида ёқиб юбориш ҳазилакам жиноят эмас. Бу жиноятлар учун жавобгарлар топилиши керак", дейди Тўлқин Қораев.

У ўзларининг талаблари қондирилмагунича муддатсиз норозилик амалиётини давом эттиришларини айтган.