Ҳиллари Клинтон: "Америка Гуржистонни дастаклашда давом этади"

Клинтон хоним

"Қўшма Штатлар Гуржистонни дастаклашда давом этади," деб айтган Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон.

Давлат котибасига кўра, Гуржистон ҳудудий яхлитлиги борасидаги Америка мавқеъи қатъийдир.

Клинтон хоним Тбилисида Гуржистон президенти Михаил Саакашвили билан учрашувдан кейин гапирган.

Бешта Шарқий Оврўпо ва Қафқоз мамлакатлари бўйлаб қилган сафарининг охирида Тбилисига борган Ҳиллари Клинтон мамлакати Гуржистондаги демократик жараёнларни дастаклашини билдирган.

Тбилисига етиб келишидан бир неча дақиқа ўтиб Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар Гуржистоннинг "йирикроқ демократия" сари сай-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтган.

Бир мингдан ортиқроқ гуржистонлик аёллар билан учрашув чоғида Клинтон хоним демократияга эришиш ҳар қандай мамлакат, ҳукумат ва халқнинг буюк мақсади эканини айтган.

Каспий ҳавзасидаги нефть ва газ қувурлари ўтадиган ҳудуд сифатида Гуржистон АҚШ учун катта аҳамиятга эга.

Қўшма Штатлар расмийлари ҳар доим ушбу минтақадаги хавфсизликдан ўта манфаатдор эканликларини таъкидлаб келишади.