АҚШ билан Россия жосусларни алмашдилар

Венадаги аэропортда турган учоқлар
Image caption Жосус алмашишда Вена шаҳри танланишига Австриянинг нейтралитети ва жўғрофий жойлашиши инобатга олинган

Венада Совуқ уруши тугаганидан буёнги энг катта жосус алмашиш амалга оширилди.

Бири Россиядан, бошқаси Америкадан келган икки учоқ Вена ҳаво қўнолғасига ёнма-ён келиб қўнган ва Америкада Россияга жосуслик қилганликда айбланган 10 киши эвазига Россияда жосуслик айбловлари билан қамалган 4 маҳбус алмашилган.

Тўрт шахс бир кун илгари Россия президенти томонидан авф этилган.

Икки учоқ ёнма-ён, қарийб қанотлари қанотларига теккан ҳолда 50 дақиқа турди, деб хабар қилади Би-би-сининг Венадаги мухбири Дункан Кеннеди.

Расмийлар ва бошқа кишилар учоқлар орасида елиб-югуришаркан, у ерда жуда кўп иш борарди.

Тушунилишича, Қўшма Штатлардан олиб келинган 10 маҳбус Россия учоғига, Президент Медведев авф этган тўрт киши эса, Америка учоғига олиб борилди.

Кейин биринчи бўлиб, Россия учоғи ҳавога кўтарилди, бир неча дақиқадан сўнг АҚШга тегишли учоқ парвоз қилди.

Эски "Совуқ уруши" усулидаги эпизод афтидан силлиқ якунланди ва ҳар икки ҳукумат ҳам энди бу можарони ортга ташлашга умид қиладилар, деб хабар қилади Би-би-си мухбири.

Америкада Россиянинг ўнта жосуси ҳибсга олингани ҳақида 29 июнда хабар қилинди.

Мухбирларга кўра, қисқа вақт ичида бўлиб ўтган очиқ маҳкама жараёнида ўн шахс ўзларига қўйилган айбларни тан олганлар, қандай жиноят содир этганларини ҳикоя қилганлар.

Россия томони эса АҚШ фойдасига жосусликда айбланиб Россия қамоқхоналарида жазо муддатларини ўтаётган Сергей Скрипал, Геннадий Василенко, Игоря Сутягин и Александр Запорожскийларни "айбларни бўйниларига олиб, Россия президентидан кечирим сўрашгани" учун озод этилганини хабар қилди.