'Ҳокимиятни эркин танкид қилиш танқидчи учун оқибатсиз қолмайди'ми?

Россиядаги "Левада" ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар маркази ўтказган сўнгги сўров натижаларига кўра, респондентлар орасида ҳокимиятни эркин танкид қилиш танқидчи учун оқибатсиз қолмайди, деган фикр кучайган.

Сўралганларнинг ярмидан кўпроғи ҳокимиятни танқид қилиш фойдали экани, бироқ бундай танқидлардан наф бўлмаётганини билдиришган.

Улардан аксарияти ҳозирда Россия телевидениесида сиёсий цензура мавжуд, деган фикрга қўшилишларини маълум қилишган.

"Левада" марказига кўра, сўровлар ўтган ой Россиянинг 45 минтақасида ўтказилган.

Тадқиқотлар натижаларига қаралса, ҳокимиятни эркин танқид этган танқидчининг жавоб беришига тўғри келади, деган фуқароларнинг сони сўнгги йилларда 45 фоизга кўпайган.

Бундан уч йил олдин эса, "Левада" маркази ўтказган сўров хулосаларига кўра, бундай фикр тарафдорлари қарийб 30 фоизни ташкил этган.

Сўровда қатнашганларнинг 50 фоизидан ортиғи ҳокимият сиёсатини танқид этиш сезиларли натижа бермаслигини ҳам тилга олишган.

Ўз навбатида, сўралганларнинг қарийб учдан бир қисми эса, танқидлар натижа бераётганига ишора этишган.

Шу қаторда фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ҳозирги пайтда Россия телеканалларида сиёсий цензура мавжуд, деган фикрни ҳам билдиришган.

Айни вақтда экспертлар Россияда ҳокимият сиёсатига қаратилган танқидларни асосан интернет саҳифаларида ва айрим оммавий-ахборот воситаларида учратиш мумкинлигини урғулашади.

Россия марказий радио ва телеканалларида бундай танқидлар жуда кам янграши айтилади.

Сиёсий шарҳловчи Валерий Островскийнинг фикрича, "Левада" маркази ўтказган сўров натижалари Россияда демократия ва сўз эркинлигининг нақадар заифлигини намойиш этади.

"Ҳозирги партиявий ва сиёсий тизим Россия аҳолисининг муайян қатлами, камида чорак қисмини қониқтирмаётгани фактдир. Менимча, ҳозирги пайтда, биринчидан, ҳокимият сиёсатидан норози бўлганларни ўз атрофида йиға оладиган янги лидерлар ва янги ғоялар йўқ. Иккинчидан, Россиядаги ҳозирги лидерлар фуқаролар орасида етарли обрўга эга эмас. Сўнгги сўров натижалари бунинг яққол далилидир," дейди сиёсий шарҳловчи Валерий Островский.

Ўз навбатида, Москвадаги миллий стратегия институтининг эксперти Павел Светенковнинг фикрича, Россияда демократия ва сўз эркинлигидаги муаммолар асосида сиёсий институтлар ва сиёсий ташкилотлар фаолиятининг заифлиги туради.

"Россияда сиёсий тизим шундай ташкил этилганки, ҳар қандай танқидларга қарамасдан, сиёсий институтлар жамият талабларига эътибор бермайди. Жамият танқидларига аҳамият берилиши учун Кремл жиғига тегувчи йирик намойишлар бўлиши керак. Ана шундагина Россия ҳукумати жамият эҳтиёжларига диққат қилади. Россияда сўз эркинлиги масаласида асосий муаммо бу - мамлакатда ҳокимиятнинг фуқаролар дардига қулоқ солишига мажбур этувчи механизмнинг йўқлигидир," дейди сиёсатшунос Павел Светенков.

Кремл танқидчилари Бош вазир Владимир Путин ҳокимият тепасига келгандан буён Россия демократия ва сўз эркинлиги масаласида анча орқага кетганига ишора этишади.

Россия ҳокимияти расмийлари эса, ушбу танқидларда бирор асос йўқлигига ишонтиришга уринишади.