Эронлик ядровий тадқиқотчи Шаҳрам Амирий ватанига қайтмоқда

Эрон давлат матбуоти хабар қилишича, бир йил илгари АҚШ Марказий Жосуслик хизмати ўғирлаб кетгани даъво қилинган Шаҳрам Амирий ватанига қайтмоқда.

Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Рамин Меҳмонпараст айтган.

Ташқи ишлар вазирлиги сўзчисига кўра, Шаҳрам Амирий учинчи мамлакат орқали Теҳронга қайтмоқда, сабаби Эрон ва АҚШ ўртасида тўғридан-тўғри учоқ парвозлари йўқ.

"Эрон Исломий республикасининг саъй-ҳаракати ҳамда Вашингтондаги Покистон элчихонасининг самарали ҳамкорлиги билан Шаҳрам Амирий Америка заминини тарк этди ва Эронга қайтмоқда", деб айтган Рамин Меҳмонпараст.

Шаҳрам Амирийнинг Қатарда тўхтаб ўтиши хабар қилинган.

Бир йил илгари Саудия Арабистонига зиёратга борган пайтида Шаҳрам Амирий ғойиб бўлган, шундан сўнг интернетда Шаҳрам Амирийнинг ўзи тасвирга туширилган деб кўриладиган учта видео эълон қилинган.

Бу видеоларда Эрон фуқароси ўзининг АҚШ ҳудудида пайдо бўлиб қолиши борасида бир-бирига қарама-қарши гапларни айтган.

Биринчи видеода Шаҳрам Амирий Американинг Марказий Жосуслик хизмати ва Саудия агентлари томонидан ўз ихтиёрига қарши автомобилга ўтирғизилгани, кейин учоқда АҚШга учгани ҳақида айтган.

Сўнгра унинг АҚШнинг Аризона штатида эркин яшаётгани ҳақидаги гаплари эълон қилинди.

Учинчи видеода Шаҳрам Амирий ўзини ўғирлаганларнинг қўлидан қочиб кетгани ҳақида айтган.

12 июл куни эронликнинг Вашингтондаги Покистон элчихонасига мурожаат қилгани, ватанига қайтишда кўмак беришни сўрагани хабар қилинди.

Эрон билан АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар бўлмаганидан Покистоннинг АҚШдаги элчилиги Эрон масалалари билан ҳам шуғулланади.

Эрон расмийларига кўра, улар эронлик тадқиқотчининг ўғирлаб кетилганига доир далилларни АҚШ томонига тақдим қилган.

АҚШ эса бир неча бор Шаҳрам Амирий ҳақида ахборотга эга эмаслигини таъкидлаб келган.

Аммо 13 июл куни биринчи маротаба АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Амирийнинг Қўшма Штатлари ҳудудида эканини тан олди, бироқ унинг ўғирлангани ҳақидаги даъвони рад этди.

Клинтон хонимга кўра, Шаҳрам Амирий Америкада ўз ихтиёри билан бўлган ва ортга қайтиш ҳам унинг ўзининг ихтиёрида.

Эрон матбуотига кўра, Шаҳрам Амирий Теҳрон университетида тадқиқотчи бўлган, бироқ бошқа айрим хабарларга кўра, у Эроннинг атом энергияси бўйича ташкилотида ишлаган ва баҳсли ядровий дастури ҳақида кўп нарсани билади.