Исроил кўмак ортилган кеманинг Ғазога ўтишига йўл бермоқчи эмас

"Амалфея" кемаси Юнонистон соҳилида
Image caption "Амалфея" кемаси Юнонистондан шанба куни йўлга тушган

Исроил ҳарбий кемалари Ғазо бўлгасига қамални бузиб ўтиб, озиқ-овқат ва тиббиёт воситаларини етказмоқчи бўлган "Амалфея" кемаси йўлини тўсмоқда.

Бу Туркиядан йўл олган "Мовий Мармара" кемасининг Исроил махсус кучлари томонидан куч билан тўхтатишга уринишлари ва оқибатда туркиялик тўққиз Ғазопарвар фаол ҳалок бўлгани ҳодисасидан олти ҳафта ўтиб юз бермоқда.

Молдовага тегишли "Амалфея" кемасини Ливия президенти Муаммар Қаддофийнинг ўғли ижарага олган.

Ғазога кўмак элтишни мақсад қилган ташкилотчилар - "Қаддофий жамғармаси"га кўра, кемага 2000 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт воситалари ва тез тикланадиган уйлар ортилган.

Кема шанба куни Юнонистон соҳилидан йўлга чиққан.

Исроил расмийларига кўра, Ғазо бўлгаси соҳилига 120 километрча масофа қолганда "Амалфея" капитани билан алоқа боғлашга муваффақ бўлганлар, Ғазо бўлгаси қамалини бузишга изн берилмаслиги маълум қилинган.

Кемани Исроил ҳарбий кемалари ўраб олганлар, унга Миср ҳудудига сузиш буйруғи берилган.

Бироқ "Амалфея" кемасидан билдиришларича, кема мотори бузилиб қолгани туфайли ҳаракатланиш имкони бўлмаяпти.

12 июл куни Туркиянинг Ғазо бўлгасига ёрдам элтаётган "Мовий Мармара" кемасига қилинган рейд бўйича текширув ўтказган Исроил ҳарбий комиссияси ўзининг ҳисоботини эълон қилган.

Ҳисоботда айтилишича, куч ишлатиш флотилияни тўхтатишнинг ягона йўли бўлган, бироқ амалиётда "номукаммал жосуслик маълумоти асосида номувофиқ режалаштириш" бўлган.

"Исроил махсус кучлари "Мовий Мармара" кемасига тикучарлардан туширилганларида уларни нималар кутаётганига дуруст тайёрланмаган бўлганлар ва хатога йўл қўйилган, дейилади ҳисоботда.

Ғазога кўмак олиб бораётган кемага Исроил рейди халқаро танқидларга сабаб бўлди, Туркия Исроил билан дипломатик алоқаларини узишини эълон қилган.