Веб саҳифа афғон урушининг янги тафсилотини ошкор қилди

Image caption Мана бу видеода АҚШ тикучарларидан ўққа тутиб ўлдирилган кишилар асли қуролсиз журналистлар бўлгани даъво қилинади

Афғонистондаги урушнинг шу вақтгача ошкор этилмаган тафсилотлари қайд этилган 90 мингга яқин расмий ҳужжатлар Wikileaks вебсаҳифаси томонидан омма эътиборига ҳавола этилди.

Вебсаҳифа вакиллари махфий ҳужжатларни чоп этишдан аввал бир қатор рўзномаларга кўрсатганлар.

Бу ҳужжатларда халқаро кучлар томонидан тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши ҳақида шу вақгача айтилмаган тафсилотлар, ва Толиблар қандай қилиб учоқларга қарши қуролларни қўлга киританликлари ҳақида маълумот бор.

Оқ уй маъмурияти бу каби ҳужжатларни ошкор этишни "масъулиятсизлик" дея баҳолаган.

Wikileaks эълон қилган ҳамда Британиянинг "Гардиан", АҚШдаги "Нью-Йорк Таймс" ҳамда Олмониянинг "Шпигел" нашрлари кўчириб босган ҳужжатлар "Афғон уруши кундалиги" деб номланади.

Булар Афғонистондаги урушни ёритган 90 мингдан зиёд ҳисобот - махфий ҳужжатлар бўлиб, кимдир уларни Wikileaks веб-сайтига яширинча етказган.

Wikileaks гуруҳи армия, хавфсизлик кучлари, ҳукумат идоралари ва бизнес ширкатлари ходимлари орасидаги манбалар яширинча етказиб берадиган маълумотларни ошкор қилиб келади.

Афғонистондаги урушнинг гўёки янги тафсилотлари ошкор этилиши Америка тарихидаги энг йирик махфий ҳужжатларнинг оммага ошкор этиб юборилиши бўлиши мумкин.

Ҳисоботлар 2004 йилдан 2009 йилгага бўлган вазиятни қамраган.

Бу ҳисоботларда Толибоннинг ҳужумлари кўпайиб бораётгани, Афғонистондаги урушни коалиция кучлари ютқазаётгани айтилади.

Унга кўра, хорижий кучлар юзлаб тинч фуқароларни ўлдираяптилар ва бу ҳақдаги хабарлар жамоатчиликка ошкор этилмаяпти, ҳамда НАТО қўмондонлиги Толибонга Покистон ва Эрон ёрдам бераяпти деган хавотирдадир.

Wikileaks ҳужжатига кўра, Покистон жосуслик хизматининг собиқ раҳбари, Генерал-Лейтенант Ҳамид Гул билан Толибон исёнкорлари ўртасида учрашув бўлган.

Шунингдек, Толибон иссиқлик ортидан қувадиган ракетани қўлга киритишга муваффақ бўлган. Бу билан у учоқларга ҳужум қилиш мумкин.

Махсус бир "қора" бўлинмалар тузилиб, уларга Толибон раҳбарларини топиб йўқ қилиш буйруғи берилгани ҳақида ҳам хабар берилади.

Wikileaksдаги ҳужжатлардан келиб чиқадиган хулосалар, мухбирларга кўра, Америка раҳбариятини ҳаддан зиёд ғазаблантирган.

Чунки ҳужжатлардан "бошидан бу урушнинг сиёсий сабаблари жўн эди, Америка бераётган ёрдамлардан наф бўлмади, Толибон нақадар жиддий душман эканини америкаликларнинг кўпчилиги яхши тушунмаган", деган хулоса келиб чиқади.

Президент Барак Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Генерал Жеймс Жонс чиқарган баёнотда айтилишича, махфий ҳужжатларнинг ошкор этилиши америкаликларнинг, АҚШ шерикларининг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин, шунингдек мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

Оқ Уй вакилларига кўра, бу ҳужжатлар Президент Обамадан олдин, у Афғонистон ва Покистонга янги стратегия эълон қилишидан олдинги вазиятга тааллуқли.

Покистон расмийлари ҳам яширин материалларнинг кенг омма эътиборига тақдим этилишини қоралаб чиқдилар.

Покистоннинг АҚШдаги элчисига кўра, Америка раҳбариятни Покистон нима қилаётганини яхши билади. Охирги йилларда террорчилар қўлидан кўплаб покистонликлар нобуд бўлди.

Толибон билан музокара олиб боришда номи тилга олинган Покистон собиқ жосуслик хизмати раҳбари Ҳамид Гул Би-би-си билан суҳбатда махфий ҳужжатларни "бу жосуслик маълумоти сифатида сотишга мўлжалланган тўқима" деб атади.

Wikileaks веб-сайтига бу ҳужжатларни америкалик ҳарбий таҳлилчилардан бири берган деб кўрилади. Яқинда АҚШда бу таҳлилчи устидан маҳкама бошланиши кутилмоқда.