Россия ҳукумати мамлакатда юз берган ўрмон ёнғинларини ўчиришга уринмоқда

Ёнғинлар
Image caption Ёнғинлар 30дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлди

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги 34 инсоннинг ўлимига сабаб бўлган ўрмон ёнғинларни тўхтатишга муваффақ бўлганини айтмоқда.

130 йил асносида кузатилган энг юқори ҳаво ҳарорати ва қурғоқчилик туфайли юз берган ёнғинлардан Россиянинг 14 минтақаси зарар кўрган, кўплаб уй-жойлар куйиб кул бўлган. Нижегород, Воронеж ва Рязан вилоятларида зиён кўлами катта.

Аммо, Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига кўра, ўтган икки кун асносида ёнғиндан бирон бир турар-жойга зиён етмаган ва бирон инсон азият чекмаган.

Душанба куни Бош вазир Владимир Путин Москвада ёнғиндан зарар кўрган вилоятлар губернаторлари билан вазиятни мубоҳаса этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ёнғин туфайли 2210 киши уй-жойсиз қолган. Нижегород вилоятида 759та уй куйиб кетган, Воронежда 292, Рязанда эса, бу рақам 233ни ташкил этган, минг киши эвакуация қилинган.

Ёнғинларни жиловлаш ишларига 155 минг ўт ўчирувчи сафарбар этилган. Уларга маҳаллий аҳоли орасидан кўнгиллилар ёрдам беришмоқда.

Россия Президенти Дмитрий Медведев ёнғинларни ўчириш ишларига ҳарбий кучларни ҳам сафарбар этишга буйруқ берган.

Жума куни Владимир Путин Нижегород вилояти ёниб кетган қишлоқ аҳолиси билан учрашган. У ёнғин билан ҳисоблаша олмаган маҳаллий раҳбарлар истеъфо беришлари кераклигини айтган. Путин жаноблари уй-жойларидан маҳрум бўлганларга тавон пули берилишини ваъда қилган.

Кўплаб кузатувчилар Владимир Путиннинг ёнғин мавзуси билан деярли ҳар кунлик чиқишларини унинг сиёсий мақсадлари, 2012 йилга белгиланган президентлик сайловларида иштирок этиш исташи билан боғлашади.

Шанба куни губернаторлар билан учрашган Путин жаноблари ёнғинлар тўлқинини Иккинчи Жаҳон Урушига қиёслаганди.