Обама АҚШ қўшинларини Ироқдан олиб чиқиб кетиш режасини тасдиқлади

АҚШ Президенти Барак Обама Ироқдаги жанговор амалиётлар 31 августда якунланишини тасдиқлаган, бироқ 2011 йил охиригача Ироқда 50 минг билан 65 минг атрофида америкалик ҳарбийлар қолишади.

Уларга Ироқ қўшинларига маслаҳат бериш, ироқлик ҳарбийларни тайёргарликдан ўтказиш, аксилтеррор амалиётларига ҳисса қўшиш ва АҚШ манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси топширилган.

Жаноб Обама сўзларига кўра, Ироқда жанговор амалиётларнинг тугатилиши "ваъда қилинганидек ва режа бўйича амалга оширилади".

Президент Обама АҚШнинг Ироқдаги режалари ҳақида Атлантада ногирон америкалик уруш ветеранлари билан учрашувда гапирган.

Ироқдан Америка ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш жаноб Обаманинг сайловолди режаларидан бири эди.

Америка Қўшма Штатлари ва Ироқ ўртасидаги келишувга биноан, америкаликлар кейинги йил охирида мамлакатни тарк этиши лозим.

Президент Обама айтишича, энди АҚШнинг Ироқдаги вазифаси ўзгарган.

"Бизнинг қўшинларимиз етакчилигидаги ҳарбий чоралардан бизнинг дипломатларимиз бошқарадиган фуқаролик амалиётларига алмашади", деб айтган жаноб Обама.

Таҳлилчиларга кўра, ноябр ойида Америка Қўшма Штатларида Конгрессга сайловлар мўлжалланган ва жаноб Обама Ироқдаги сўнгги сўзгаришларни ўз маъмуриятининг муваффақияти сифатида тақдим этишни истайди.

Америка Ироқдаги қўшинлари сонини камайтираётган бир пайтда Афғонистондаги ҳарбийлар сони 30 мингга оширилган.

Айни пайтда Америка ва Ироқ расмийлари ўртасида сўнгги зўравонликлар қурбонлари сони борасида баҳс келиб чиққан.

Ироқ расмийларига кўра, 2010 йилнинг июл ойида 535 инсон ҳалок бўлган ва бу билан июл ойи сўнгги икки йил давомидаги энг ҳалокатли ой бўлган.

Америка расмийлари эса охирги ойдаги ҳужумларда 222 киши ҳалок бўлган, дейди.

Бағдоднинг талофотлар ҳақидаги хабаридан кейин хавотирлар кучайган.

Шу йил бошида ўтган парламент сайловларидан кейин бирор бир партия ҳам мутлақ ғалабани қўлга киритмаган, бу вазиятдан исёнкорлар фойдаланиб қолмоқчилар ва АҚШ ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқса, бу жангариларга қўл келиши мумкин, деган фикрлар билдирилаяпти.

"2010 йил июли 2008 йил май ойидан буён энг ҳалокатли ой бўлди деган даъволар тўғри эмас", дейилади АҚШ ҳарбийлари эълон қилган баёнотда.

Америка ҳарбийлари ўзларининг рақамлари Ироқ расмийлари эълон қилган маълумотдан нега кескин фарқ қилиши борасида изоҳ беришмаган.

Би-би-сининг Бағдоддаги мухбири Хуж Сайкесга кўра, айрим ироқликлар америкаликлар чиқиб кетишса, "Ал-Қоида" Ироққа ҳужумларини кучайтиради, деган хавотирдалар.

Шунингдек, кўплаб ироқликлар мамлакатда янги ҳукуматни шакллантиришнинг уддасидан чиқилмаганидан ўз ташвишларини билдиришади.

Март ойида бўлиб ўтган сайловлардан кейин парламентда аксар жойларни эгаллаган Сунний, Шиа ва Курд партиялари кейинги бош вазир ким бўлиши борасида бир келишувга эришолмадилар.

Ироқда душанба куни рўй берган портлаш ва отишмаларда саккиз инсон ҳалок бўлган.