Афғонистон шимоли-шарқида 10 нафар шифокор ўлдирилган

Image caption Халқаро Ёрдам Миссияси шифокорлари асосоан кўз ва бошқа касалликларга дучор бўлганларга ёрдам етказиб келганлар.

Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятида 8 нафар хорижлик ва икки Афғон шифокори отиб ўлдирилган. Шифокорлар асосан кўз ва бошқа касалликлар бўйича маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиб келишган.

Шифокорларнинг жасадлари пайшанба куни топилган. Уларнинг олти нафари америкалик, биттаси олмон, икки киши афғонистонлик ва яна бир британиялик аёл шифокор дейилмоқда.

Шифокорлар ўтирган автомашиналар шимолий-шарқий Бадахшон вилоятидаги йўлда ҳужумга тутилган.

Маҳаллий полиция раҳбарига кўра, бош сабаб ўғирлик мақсадидаги йўлтўсарлик бўлиши мумкин.

Аммо Толибон ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олиб чиқди ва шифокорлар аслида насронийликни ёйишни мақсад қилган миссионерлар бўлган, уларнинг ёнидан форс тилидаги Библия топилган, деб айтди.

Толибон воизи шифокорларни Америка фойдасига жосуслик қилишда ҳам айбламоқда.

Шифокорлар ишлаган Халқаро Ёрдам Миссияси номли Насроний хайрия гуруҳи ҳали 1966 йилдан бери Афғонистонда ишлаб келади.

Аммо бу хайрия ташкилоти насронийликни ёйишни мақсад қилган, деган айбловларни рад этади.

Бадахшон шу пайтгача энг хавфсиз ҳудудлардан бири ҳисобланар эди.

Лекин маҳаллий аҳоли кейинги пайтлари қишлоқ ҳудудларида исёнкорлар таъсири ошаётганидан шикоят қила бошлаган.