'Жаҳон Покистон табиий офатларига етарли эътибор бермаяпти'

Халқаро ёрдам ташкилотлари огоҳлантиришича, Покистондаги тошқинлар туфайли миллионлаб азият чеккан инсонларга зудлик билан ёрдам етказиш миқёси кенгайтирилмаса яна кўплаб одамлар ҳалок бўлиши мумкин.

Ҳинд дарёси бўйлаб тошқин сувлари мамлакат жануби томон соат сайин жадаллашиб бормоқда ва янгидан-янги ерларни сув босаяпти.

БМТ маълумотларига кўра, шу вақтгача тошқинлар туфайли 1600 киши оламдан кўз юмган, 14 миллион аҳоли уй жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлагн.

Британиянинг Oxfam хайрия ташкилотига кўра, шу пайтгача жабр кўрган одамларни қутқариш ва уларга ёрдам бериш бўйича етарли чоралар кўрилмади.

Покистондаги Толибон ҳукуматни Ғарбдан келаётган инсонпарварлик кўмагини рад қилишга чақирган, Толибонга кўра, бу ёрдам барибир порахўр расмийлар орасида бўлиб олинади.

Айни дамда Би-би-сининг Исломободддаги мухбири сув тошқини босган қишлоқларда одамлар қўлига тушганини олиб уйларидан қочаётгани, қолганлари эса томларига чиқиб жон сақлашаётганини тасвирлаган.

Покистон шимолидаги худудлар ва Пунжаб вилоятида яна жала қуйиши туфайли тошқин сувларининг иккинчи тўлқини водийларга қуйилмоқда ва қутқарув ишларининг белига тепмоқда.

Хайбер Пахтунхуа вилоятининг Шадо қишлоғида яшовчи Имрон Хон қишлоғида барча иморатлар қулаб тушганини айтади.

"Қишлоғимизни сув тошқини вайрон қилди. Биз 12 кундирки, йўлнинг чеккасида яшаб келаяпмиз. Бизга озиқ-овқат ва чодирлар керак, лекин ҳали ҳеч нарса олганимиз йўқ", дейди у.

Айни қишлоқдан бўлган Абдул Раҳмон Дера Исмоил Хон туманидаги касалхонада сув тошқини билан оқиб келган портловчи моддадан жароҳат олган ўғлига қараб ўтирганини айтади.

"Сув тошқини бизнинг қишлоққа етиб келганида ўзи билан бомба ҳам олиб келибди. Ўғилларим уйимнинг ташқарисида ўйнашаётганида, бир боламнинг оёғи бомбага теккан ва у портлаб кетган. Уч фарзандимнинг ҳаммаси жароҳат олди, уларни касалхонага олиб келдим", дейди у.

Синд вилоятидаги Суккур қишлоғида Покистон ҳукумати томонидан барпо қилинган вақтинчалик чодирлар жамлоғида жон сақлаётган Али Дўст боридан айрилганини айтади.

"Бизнинг беш сигиримиз ва ҳўкизларимиз бор эди, ҳаммаси сувга чўкиб ўлди. Уйимдаги ҳамма нарсани тошқин оқизиб кетди. Ҳатто кийишга кийимимиз қолмади", дейди Али Дўст.

БМТнинг инсонпарварлик ишларини мувофиқлаштириш бўйича Исломободдаги идораси воизи Маурицио Жулиано Покистондаги табиий офат бошқа офатлардек, хусусан Гаити зилзиласидек илк таъсирга эга бўлмаган бўлсада, унинг оқибатлари ўта абгор, дейди.

"Масалан Гаити зилзиласидагидек инсоний талофотлар сони ўта юқори бўлганда, одамлар бу офатга кўпроқ диққат билан қарашади, аммо Покистондаги сув тошқинлари бошланганда ўлганлар сони камроқ эди, шунинг учун оммавий қизиқиш камроқ бўлди. Бир нарсани таъкидлаб айтишимиз керак, бу офатда Гаитидагидек кўп одамлар ҳалок бўлмаган бўлса-да, кўмакка муҳтожлик ўхшаш даражада. Вайрон бўлган уйларнинг сони ҳам Гаитидагига ўхшаш, 300 минг атрофида, дейди БМТ расмийси.