'Ислом ўта қолоқ ва зулмат ичида бўлган Арабистонда дунёга келганди'

Қуръони Карим нусхалари
Image caption Қуръони Карим нусхалари

Исломнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръон эрамизнинг 610 йилида Пайғамбар Муҳаммадга нозил қилинганди.

Фаришта Жаброил билан кутилмаган қўрқинчли учрашувида Пайғамбарга Қуръоннинг илк оятларини "Ўқиш", яъни "Қироат қилишга"га буюрилади.

"Ҳар қандай муқаддас матннинг дунёвий талқинида, албатта, бу инсон зоти тўқимаси дейилади", дейди Тим Винтер.

"Аммо, анъанавий эътиқод талқинида бу-Оллоҳнинг каломи".

Исломий номи Абдул Ҳаким Мурод бўлган Тим Винтер Кембридж Университетида Исломий тадқиқотлар бўйича сабоқ беради:

Тим Винтер: Мусулмонлар тарихи Қуръоннинг қай йўсин нозил бўлиши билан ўзига хос. Албатта, Қуръоннинг ерга туширилиши ҳақида унинг аввал мавжуд бўлмагани ва ё Худо ўзининг абадий каломини аввалдан битиб қўйгани, яъни Қуръон нозил бўлишидан олдиноқ яратилган бўлгани ҳақида чалкаш назариялар бор. Аммо, шарҳловчилар Муҳаммад Пайғамбар ўзининг 40 ёшида айни вазифа учун маълум бир маънода шаклланиб бўлганига ишора қиладилар. Бу 7 асрда Маккада юз беради. У бутларга сиғиниш, ширк эътиқодлар ва жаҳолатни рад этганди. Макка шаҳрининг шундоққина ташқарисида жойлашган ғорга кетиб, тафаккур қилиш, айтиш жоиз бўлса, узлатга чекиниб, кунларини тоат-ибодат билан ўтказиш унинг одатига айланади. Бу ғор ҳали ҳамон мавжуд. У ерга одамлар боришади, қояларига чиқишади. Унинг тепасидан бутун шаҳар кафтдек кўринади. Хуллас, бу маълум вақт узлатда майда-чуйда ташвишлар, ҳаётнинг икир-чикирларидан узилиб абадий Ҳақиқат борасида фикр ва тафаккурга берилиш эди. Тарихчилар ўша кунларнинг бирида Пайғамбарнинг қаршисида Жаброил фаришта пайдо бўлгани ҳақида ҳикоя қиладилар. У ниҳоятда қўрқинчли бир шаклда Пайғамбарни олиб қаттиқ сиқади ва сўнг қўйиб юбориб, "Ўқинг" дейди. Пайғамбар эса, "Мен ўқишни билмайман", дея жавоб қайтаради. Фаришта уни иккинчи марта ушлаб қисади. Яна: "Иқро", дея хитоб қилади ва қўйиб юборади. Пайғамбар яна ўз гапини такрорлайди. Фаришта уни учинчи марта ҳам уни қисиб, "Иқро", "Ўқинг", дейди ва "...Сиз ўзингизга нозил бўладиган Қуръонни барча мавжудотни яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир)", дея Қуръоннинг илк оятларини айта бошлайди. Ва шу билан бугун мавжуд бўлган Қуръон Карим нозил бўлади. Бу Қуръоннинг ерга туширилиши борасидаги анъанавий талқин.

Би-би-си: Пайғамбарнинг ўзи бу ишни амалга оширишга қанчалар тайёр бўлган, айтмоқчиманки, Сиз унинг аввалроқ узлатда тафаккурга берилгани ҳақида айтдингиз, шундай бўлса-да, унда бу каби оғир, ўзи ҳам бутунлай тушуниб етмаган вазифани адо этиш истаги бўлганми? Бу ҳақда бизга нималар маълум?

Тим Винтер: Афтидан фаришта билан учрашув анчайин қўрқинчли кечади. Пайғамбар ғорни ташлаб уйига, рафиқаси Хадичанинг олдига келади ва "Мени ўраб қўйинг, мени ўраб қўйинг", дейди. Хадича Пайғамбар қўрқиб, терлаб кетгани боис, унинг бошида ўтиради. Ниҳоят, қўрқув тарқалади ва у бўлган воқеани рафиқасига сўзлаб беради. Ва жуда қўрқиб кетганини баён қилади. Хадича эса, уни тинчлантиради ва унинг қанчалар яхши инсон эканини айтаркан, бу ҳодиса яхшиликка экани ва Худонинг инояти билан содир бўлган бўлиши кераклиги ва ҳақиқатда ҳам бу Оллоҳдан келган мужда бўлиши кераклигини айтади. Ва у Қуръоннинг туширилаётганидан воқиф бўлган илк инсон бўлади.

Би-би-си: Кейин нима бўлади? Қуръоннинг қайси тартибда нозил бўлгани бизга маълумми?

Тим Винтер: Қуръоннинг энг биринчи туширилган оятлари вақтини тартибга солишга уринадиган тарихчилар орасида узоқ муддатли келишмовчилик мавжуд. Айримлар "Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!" илк нозил бўлган каломлар бўлганини айтишади. Бошқалар "Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам" бўлган дейдилар. Шундай экан, ҳеч ким илк бор Қуръоннинг қайси бўлаги тушгани, иккинчи ва ё учинчи пораси қайси бўлганини жиддий бир тадрижий шаклга солишга муваффақ бўла олмаган. Ислом олимлари сураларнинг мавжуд тартибини бир ёки икки кичик истиснолар билан қабул қиладилар. Зотан, бунинг аҳамияти йўқ. Чунки, Қуръонда айтилганлари тадрижий равишда ривожланмайди. Агар у бошқачароқ тартибда бўлган тақдирда ҳам амалда мусулмонлар учун ҳеч нарса ўзгармайди.

Би-би-си: Қуръон нозил бўлган давр ҳақида гапирадиган бўлсак, ўша жараёндаги ҳодисалар силсиласини тушунтириб берасизми?

Тим Винтер: Ҳа, Қуръоннинг нозил бўлиш даври мураккаб бир жараёни. Мусулмонлар уни Жаброил фаришта сўзма-сўз тўғридан-тўғри етказганига ишонадилар. Аммо, фаришта бутунбошли матнни бир мартада етказмаган. Оятлар Пайғамбарнинг вазиятига турли вақтларда қараб парча-парча этиб нозил этилган. Бутун жараён 22-23 йил давом этган кўринади. Ва охирги сура Пайғамбарнинг ўлимидан сал олдин туширилади. Қуръон бошида оламнинг яратилиши ва сўнггида оламнинг ниҳоя топиши билан якунладиган Инжилдан фарқ қилади, ундаги изчиллик анчайин мураккаб.

Би-би-си: Аввалида у оғзаки бир тарзда тарғиб қилинган, шундай эмасми? Яъни, у нозил қилинганидан бошлабоқ ёзма шаклда тартибга солинмаган бўлган.

Тим Винтер: Тўғри. Аммо, сиз нафақат қадимий Арабистонда, балки бутунбошли ибтидоий дунёда аксар одамлар умрларида бирон марта бўлсин китобни кўрмай ўтиб кетишганини ёдда тутишингиз керак. Ўз вақтида аксар насронийлар, масалан, Инжилни китоб ҳолатда кўришмаган. Хуллас, китоб инсонлар тажрибасида кўп қўлланилмаган. Ҳамма ўз хотирасига суяниб иш тутган. Мусулмонлар ҳали ҳам ҳақиқий Қуръон хотирага муҳрлангани деб санайдилар. Ёзма шакл тадқиқ қилиш ва ўрганиш учун ёрдамчи холос.

Би-би-си: Қуръон ҳеч қаерда ёзилмаган, аммо одамлар уни Худодан келганига ишонганлар. Одамлар Пайғамбарга эргашишларига, унинг айтганларига бирданига ишонишларига сабаб нима?

Тим Винтер: Биз бу ерда инсон юрагининг айрим сирли жиҳатлари ҳисоблашаяпмиз. Нима учун диний дарслар айримларнинг қалбига тез кириб боради, айримларга бошқачароқ? Бу нарсага умумлаштириб жавоб бериш мушкул. Бизга маълум бўлгани Пайғамбарнинг тарғиботлари мисли кўрилмаган даражада муваффақиятли бўлган. У Арабистонни нафақат Исломга киритади, балки Арабистоннинг сиёсий ҳукумдорига айланади. Бу жаҳон тарихида пайғамбар ва давлат арбоби эришган жуда катта ютуқлардан бири эди. Бошқаларнинг муваффақиятини бунга солиштириб бўлмайди. Дин унинг ўлимидан кейин ҳам яшаб қолди. Кейинги юз йил асносида Испания, Марказий Осиё, борингки, Ҳиндистонда одамлар Исломни қабул қила бошлайдилар ва уларнинг аксари бугунги кунгача мусулмонликларини сақлаб қолишган. Қандай бўлмасин, Қуръон ўзининг илк тингловчилари руҳи ва юракларига таърифга сиғмас даражада кириб бора олган ва қарийб бир кечада янгича ҳаёт тарзи, янгича инсоний қараш ва алал-оқибат йирик империянинг дунёга келишига сабаб бўлган.

Би-би-си: Бунда тилнинг табиати ҳам рол ўйнаган бўлиши мумкинми?

Тим Винтер: Қадимий тиллар, айниқса, араб тили жарангдор ва сеҳрли бир қудратга эга бўлган. Буни сўз билан таърифлаш мушкул, аммо эшитган ҳар қандай одам, ҳатто араб тилини билмаганлар ҳам уни таниб оладилар. Кимдир чиройли овоз ва меҳр-муҳаббат билан Қуръонни қироат қиларкан, бу инсонга кучли таъсир қилади. Қуръони Карим матнида мусиқийлик бор. Унда ўзига хос оҳанг, қофия мавжуд ва унинг мисли кўрилмаган таъсир кучига эга эканини ҳеч ким рад қила олмайди. Буни ҳатто насроний араблар ҳам тан олишади. Мусулмонлар уни Худонинг абадий каломи эканига ишонадилар. Айни пайтда Ислом ўта ибтидоий жамиятга, насронийлик каби Ўрта ер денгизининг шарқидаги ниҳоятда цивилизациялашган қисмида эмас, жуда орқада қолган, айтиш жоиз бўлса, ўта қолоқ ва зулмат ичида бўлган Арабистонда дунёга келганди.

Би-би-си: Жаброил фаришта Пайғамбарга етказилганлари нима бўлган: муайян сўзларми ва ё ғоялар бўлганми?

Тим Винтер: Дунёвий талқинда ҳар қандай муқаддас матн инсон зоти тўқимаси дейилади. Аммо, анъанавий эътиқод талқинида, бу-Оллоҳнинг каломи. Бугунги кунда ҳар қандай мазҳабдаги мусулмонлар Қуръон Пайғамбар ва Худо ҳамкорлигида ёзилмагани, буларнинг барисини Оллоҳ битганига ишонадилар.

Би-би-си: Қуръонни шарҳлаш масаласига тўхталсак, 21 асрга келиб ҳам Қуръони Каримни ўзгачароқ шарҳлаш деган қараш йўқ. Бу Қуръон Худонинг каломи экан, уни ва ҳатто шарҳларни ҳам савол остига ололмайсиз деганими?

Тим Винтер: Ислом дунёсида кўплаб, айтиш жоиз бўлса, фундаменталистик қарашлар бор: "мана матн, уни сўзма-сўз шарҳлаш керак, чунки Оллоҳ шуни истайди". Аммо, ҳар қандай реалист қарашдаги ўқувчи бу тиббиётга оид ўқув қўлланмаси эмас, тарихий китоб эмас, бу мусиқа ва гўзалликни жам қилган инсонни руҳлантирувчи мукаммал санъат асари эканини айтади. Анъанадорлар Қуръонни Парвардигор томонидан сўзма-сўз айтиб етказилганига ишонадилар. Аммо, айрим ҳолларда уни шарҳлаш жуда қийин. Шундай сўзлар борки, уларни Қуръондан араб тилида ҳеч қачон учратмайсиз. Уларнинг айнан қандай маъно беришини қандай қилиб билишингиз мумкин. Илк мусулмон манбаларнинг ишора қилишларича, ҳатто Пайғамбарнинг айрим саҳобалари ҳам айни сўзларнинг маъносини аниқ билишмаган. Қуръони Каримда шундай грамматик усуллар, ифодалар, иборалар борки, уларни 10-15 хил турда шарҳлаш мумкин. Бу борада ниҳоясиз тортишувлар йўқ дея олмайсиз. Ва бу тафсир илмининг асосларидир.

Би-би-си: Қуръонда 21 асрдаги ғарбча ҳаётга мос тушмайдиган оятлар бор. Масалан, ўғриларнинг қўлини кесиш борасида. Одамлар қайси сўзларга асосланиб, энди бундай жазолаш усулига ҳожат йўқ деб айтишлари мумкин?

Тим Винтер: Бу замонавий дунёнинг ички қадриятлари ва ахлоқи юзасидан қандай фалсафий мавқеъни эгаллашингиз билан боғлиқ. Агар анъанадор насронийлар, яҳудийлар, шу жумладан, мусулмонлар қарашларига суянадиган бўлсак, муқаддас китоб бизни тўғри йўлга солиш учун келган, бусиз адашиб қоламиз. Агар замонавий идрок билан Худонинг сўзлари ўртасида тўқнашувни кўрадиган бўлсак, бу Худонинг сўзлари бизга ҳар қачонгидан кўпроқ зарурлигини англатади. Акс ҳолда биз ўзимизнинг ҳиссиётларимиз асосида иш кўришимизга тўғри келади. 20 асрдаги динга орқа ўгирган коммунизм, фашизм ва ҳоказолар дунёвий ҳаракатлар нималарга етаклагини кўрдик. Улар ҳатто диний ақидапарастлар қўлидан келмайдиган ҳалокатларга етаклади. Айни пайтда динда замонавий қарашларга мос тушмайдиган жиҳатлар учрайди. Зарурий назарияга биноан Худо ахлоқ нуқтаи назаридан гапиради, у асоссиз равишда нима яхшию нима ёмонлигига ишора қилмайди. Биз унинг сўзларини қабул қиламиз, чунки биз унда ҳақиқат борлигини кўрамиз. Шу боис ҳам мусулмонлар Қуръонга асосланган ахлоқ борлигига ишонадилар. Биз бунга такаббурлик билан эмас, ўзимизнинг ахлоқий қарашларимиздан келиб чиқиб ёндашишимиз лозим. Шундай экан, Ислом олимлари мувозанатни ушлашга ниҳоятда эҳтиёт бўлишлари керак. Бу бошқа диний китобларни ўқувчиларга ҳам тааллуқли.