Бан Ки Мун Покистондаги офатдан ларзага келган

Image caption БМТга кўра, шу вақтгача берилган ёрдам жабрланганларнинг ярмига ҳам етмайди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Котиби Пан Ги Мун сув тошқинларидан жабр чеккан Покистонга ташрифи чоғида гувоҳи бўлган вайронагарчиликни "юракни қон қилувчи" дея тасвирлаган.

Жаноб Бан бу каби миқёсдаги офатнинг аввал ҳеч қачон гувоҳи бўлмаганини айтган.

У бошпана ва дори-дармонларга муҳтожлик борлигини таъкидлаб, яна бир бор жаҳон ҳамжамиятини Покистонга тезроқ кўмак етказишга чақирган.

Покистон ҳукумати бугунга келиб 20 миллионга одам муссон тошқинларидан жабрланганини айтган.

Камида 1500 одам нобуд бўлгани аниқланган.

Тиббиёт мутахассислари тошқин юз берган ҳудудларда эпидемия ҳавфи ошиб бораётганидан огоҳлантиришган.

"Чуқур хавотир"

"Бу кун мен ва вакиллик гуруҳим учун юракни қон қиладиган кун бўлди," - деб айтди жаноб Бан Президент Осиф Али Зардорий билан ўтказган матбуот анжуманида.

"Ўзим гувоҳи бўлган вайронагарчилик ва азоб-уқубатни ҳеч қачон унутмайман. Ўтмишда жаҳон бўйлаб табиий офатларни бориб кўрганман, аммо ҳеч бири бунчалик миқёсда эмасди. Офатнинг кўлами ўта йирик. Шунча жойларда шунча одамлар шунча нарсаларга муҳтожлар," - деди у.

БМТ бош котиби БМТнинг марказий фавқулодда ёрдам жамғармасидан яна 10 миллион доллар Покистонга берилишини эълон қилди. Аввалроқ айни жамғармадан 17 миллион доллар ажратилганди.

У, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни Покистонга ёрдам қўлини чўзишга ундади.

"Покистон халқига озиқ-овқат, вақтинчалик бошпана, дори-дармон, ичимлик суви керак," - деди у.

"Биз, шунингдек, дизентирия ва бошқа сув орқали юқувчи касалликлар тарқалишидан чуқур хавотирдамиз. Тўғри дори-дармонни етказиб бериш учун барча тиббий салоҳиятимизни биргаликда ишга солишимиз керак бўлади."

Унинг айтишича, Покистоннинг бешдан бир қисмини сув тошқинлари ювиб кетган.

Пан Ги Мун ва Президент Зардорий тикучарда Покистоннинг озиқ-овқат билан таъминлайдиган асосий вилоят бўлмиш Пунжоб устидан учишган.

Унинг тўртта ҳудуди катта кўлларга айланган. Буғдой ва шакарқамиш далалари сувга ғарқ бўлган. Лойдан қурилган уйларни сув ювиб кетган, миллионлаб одамлар бу ерларни тарк этишган.