АҚШнинг сўнгги жанговар бригадаси Ироқни тарк этган

Ироқда жойлаштирилган охирги Америка жанговар бригадаси мўлжалланганидан икки ҳафта илгари мамлакатдан олиб чиқилган.

АҚШ кучлари Ироққа етти йил аввал Саддам Ҳусайнни қудратдан ағдариш мақсадида кириб борганди.

"Орадан етти йил ўтиб ва тўрт ярим минг аскар қурбон бериб, Америка жанговар қўшинларининг охирги қисми тун мобайнида Қувайт билан чегара орқали чиқиб келишди", дея хабар қилади Би-би-сининг Бағдоддаги мухбири.

Аскарлар йил давомида Ироқдан чиқарилди.

Январ ойида у ерда 120 минг аскар бор эди.

Мамлакатга америкаликлар кириб борган вақтлари Ироқ армияси ва полициясини тарқатиб юборгандилар.

Бунинг ортидан тартиб ва тинчлик ҳам йўқолди.

Ироққа хорижий жангарилар кириб бориб, "Ал-Қоида"нинг янги бўлинмаси тузилди.

Йиллар мобайнида исёнчилик ва мазҳабий тўқнашувлар давом этди.

Юз минглаб ироқликлар ҳалок бўлди.

Кейинчалки Ироқдаги сунний раҳбарлар "Ал-Қоида"га қарши мавқени эгалладилар.

Фурсатдан фойдаланиб Америка генерали Девид Петреус қўшинлар сонини кўпайтириб, бир қадар тинчликни ўрнатди.

Ҳозирда Ироқда 50 мингга яқин Америка аскари қолмоқда, аммо улар жанговар амалиётларда қатнашмайдилар.

Президент Барак Обама АҚШ қўшинларининг Ироқдан 31 августгача олиб чиқилиши ҳақида эълон қилган эди.

2011 йил охиригача Ироқда бўладиган қўшинларнинг АҚШ манфаатларини ҳимоя қилиши айтилмоқда.

Бироқ шу йил мартида ўтган парламент сайловларидан кейин бирор бир партия мутлақ кўп овозни қўлга киритолмаган, сиёсатчиларнинг коалицион ҳукумат тузиш амаллари муваффақиятсиз тугади.

Шундай шароитда Америка қўшинларининг чиқиб кетаётгани Ироқдаги барқарорликни издан чиқариши мумкин деган хавотирлар билдирилмоқда.