Москва муҳожирлар квотасини яна камайтирмоқда

Image caption Ишчиларга эҳтиёж камайган бўлиши мумкин, аммо нон топиш илинжида Москвага келаётган ўзбекистонликлар сони озаймаган

Москва шаҳар меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш бўлими раҳбари Олег Нетеребский айтишича, 2011 йил Москвада меҳнат муҳожирлари сони яна 50 мингга камайтирилади.

Унинг тушунтиришича, 2009 йил муҳожирлар меҳнатига эҳтиёж икки баробар, яъни 392 минг кўп бўлган. Аммо, ҳақиқатда 327 минг киши ишга жойлашишга муваффақ бўлган.

Жорий йил меҳнат муҳожирлари учун квота 250 минггача туширилган.

Мазкур рақам энди яна 50 минг камайтирилиши айтиларкан, бу Москвадаги меҳнат муҳожирлари сони 200 мингни ташкил этишини англатади.

“Комсомольская правда” газетасининг "Финэкспертиза Консалтинг" ширкати бош директори Дмитрий Шустернякдан иқтибос келтириб ёзишича, мазкур ҳолат дунё бўйлаб кузатилаётган иқтисодий инқироз билан боғлиқ.

Унга кўра, ушбу инқироз боис ҳамма жойда асосан меҳнат муҳожирлари ишлайдиган қурилишлар ҳажми қисқарган, бу дегани ишчиларга эҳтиёж камайган.

Олег Нетеребскийнинг айтишича, пойтахт ҳокимияти муҳожирлар ўрнини Россиянинг бошқа қисмларидан келадиган ишчилар билан қоплашни режаламоқда. Мазкур режага кўра, мамлакатнинг турли қисмларида пойтахтдаги иш ўринлари учун ярмаркалар ташкил этилади.

Бу ҳақда кўп йиллардан бери гапирилади. Аммо, ҳали ҳам Москва кўчалари, қурилишларида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келадиган муҳожирлар меҳнат қилишади. Ва қашшоқ мамлакатлардан келган одамлар меҳнатидан фойдаланиш россияликларникидан кўра анчайин арзонга ҳам тушади.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/