'Охирги йилларда илк бор Россия ҳукумати норозиликка қулоқ тутди'

Россия Президенти Дмитрий Медведев
Image caption Президент Медведев ҳукумат қарорини яна қайта кўриб чиқишнинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, деди

Россияда жамоатчиликнинг кенг норозиликлари Президент Дмитрий Медведев томонидан Москвани Санкт-Петербург шаҳри билан боғлайдиган янги тезюрар автомобил йўли лойиҳасини тўхтатилишига сабаб бўлди.

Москва яқинидаги Химки ўрмонини кесиб ўтадиган йўл қурилишига қарши норозилик ҳаракатлари анчадан буён давом этиб келаётган эди.

Янги автотрассанинг баҳсли режасига қарши атроф-муҳит ҳимоячилари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва сиёсатчилар, маҳаллий аҳоли қарши чиқдилар.

Москвадан Би-би-си мухбири Ричард Галпиннинг ёзишича, Кремл томонидан жамоатчилик фикри билан ўртоқлашиш камдан-кам учрайдиган ҳодисадир.

"Одатда расмийларнинг кўчаларда йиғилмоқчи бўлганларнинг оммавий норозилигига жавобан амали намойишчиларга қарши милиция кучларини ташлаш бўлади. Бироқ ҳозир, кўп йиллар давомида биринчи мата жамоатчилик ғазаби Президент Дмитрий Медведевни тўхтаб қулоқ солишга мажбур қила олган кўринади", деб ёзади мухбиримиз.

Келишмовчилик марказидаги асосий масала Москва билан Санкт-Петербург ўртасидаги умумий қиймати саккиз миллиард долларга баҳоланаётган тезюрар магистрал йўлининг пойтахт четидаги қадимий ўрмонга зиён етказишидир.

Шу ҳафтада Химки ўрмони ҳимоясига қаратилган норозилик амалиётига санъаткорлар ҳам қўшилдилар, чоршанба куни Москвадаги рухсат этилмаган концертда машҳур U2 гуруҳи қўшиқчиси Боно куйлади.

Ниҳоят Президент Дмитрий Медведев лойиҳани қайта кўриб чиқишга фармон берди.

Жамоатчилик муносабатини ўйлаб кўриб, бу масалани янада кўпроқ муҳокама қилишнинг ҳеч қандай қўрқинчли жойини кўрмаяпман, деб айтган Дмитрий Медведев.

"Автойўлни қуриш бўйича ҳукуматнинг алоҳида қарори қабул қилинганига қарамасдан, бу қарор бизнинг маҳкама тизимимиз томонидан кўриб чиқилгани ва ажрим чиқарилганига қарамасдан, бизнинг одамларимиз, етакчи "Ягона Россия" партиясидан тортиб, мухолифат сиёсий партияларигача, жамоат бирлашмалари, экспертлар доиралари бу лойиҳа қўшимча таҳлилни талаб қилади, дейишмоқда", деб айтган Президент Медведев.

Норозилик амалиётларида иштирок этганларнинг айримлари Россия президенти қарорини ўзларининг ғалабаси сифатида қабул қилганлар.

Би-би-си мухбирига кўра, Москва-Санкт-Петербург йўли лойиҳаси бекор қилинмаса-да, унга ўзгаришлар киритилиши кутилади.

Бу ўринда кўплар учун қизиқ бўлиб турган савол - Президент Медведевнинг бу қарори Москва-Санкт-Петербург автотрассаси лойиҳасини маъқуллаган қудратли Бош вазир Владимир Путин билан унинг ўртасидаги бўлинишнинг аломати эмасмикан?

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/