Нури ал-Маликий: "Ироқ ўз мустақиллигига эришди"

Америкалик аскар

Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликийнинг айтишича, Қўшма Штатларнинг у ердаги жангаворлик миссияси расман ниҳоя топиши билан Ироқ ўз мустақиллигига эришган.

Телевидение орқали қилган нутқида Нури ал-Маликий мамлакатида қоладиган 50 минг Америка қўшини маслаҳати ва ёрдами остида Ироқ кучлари ва полицияси хавфсизликни таъминлашга қодир эканини айтган.

"Миллий бирдамликка асосланган ҳукумат номидан мен сизларни, азиз биродарларимни ишонтириб айтаманки, мазҳаблараро уруш қайтарилмайди ва биз бунга йўл қўймаймиз. Ироқликлар тинчликда, ўзаро тил топишиб, мустақил мамлакатда бахтли яшашади. Шу билан бирга мен ишонч билан кучларимиз ва хавфсизлик тизимларимиз ўз вазифаларини бажаришга қодир деб айтаман," деди Ироқ Бош вазири.

Америка жанговор қўшинларининг бутунлай чиқиб кетаётганига бағишланган расмий маросимда Америка вице-президенти Жо Байден ҳам иштирок этган.

Вице-президент Байденнинг Ироқда экани икки нарсага урғу беради: бири, Обама маъмурияти ушбу ҳарбий маросимни қанчалар аҳамиятли деб кўриши; иккинчиси, Ироқдаги вазият Оқ Уй истаганидек эмаслиги.

Ироқ раҳбарлари билан узундан-узун музокаралар олиб бораётган Вице-президент уларни янги ҳукумат тузиш учун илдамроқ қадам ташлашга ундамоқда.

Ироқнинг сиёсий бўшлиқ ичида қолаётгани ҳам Вашингтон ва ҳам Бағдод учун катта хавотирдир.

Тугаб бораётган миссия

Ироқда қоладиган 50 минг АҚШ қўшини жанговар амалиётларга лаёқатли, аммо уларга юкланадиган вазифа энди бошқача бўлади.

Уларнинг қандай вазифани бажаришлари Ироқдаги вазиятга боғлиқ бўлади.

Бу эса, Оқ Уйда Американинг Ироқдаги миссияси ўзгараётгани ҳақида нутқ ирод қилишга ҳозирлик кўраётган Президент Обама учун бош оғриқдир.

Хўш, жаноб Обаманинг оҳанги ва айтадиган гапи нима бўлиши мумкин?

У Ироқдаги амалиётлар ўзидан олдинги президентнинг хатоси деган гапини такрорлашни истамаслиги тайин. Аммо, у ҳозир муҳим палла эканини урғулаши мумкин.

Айрим танқидчилар Обаманинг нутқи мамлакат ичкарисидаги аҳоли, асосан ўз тарафдорларига қаратилиши ва Президент берган ваъдалари устидан чиқаётганини даъво қилишини айтишади.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/