Москвада спиртли ичимликлар сотишга таъқиқ киритилди

Спиртли ичимликлар дўкони
Image caption Россияда ичкиликбозлик катта муаммога айланиб улгурган

Москвада 1 сентябрдан бошлаб спиртли ичимликларни тунда сотиш ман этилади. Янги қонунга биноан дўконлар кечқурунги соат 10дан эрталабки 10гача таркибида 15 фоиздан ортиқ алкоголь бўлган ичимликларни сота олмайдилар.

Бу каби чекловлар бир қатор Ғарб мамлакатларида амал қилади, жумладан, Швецияда соат кечки соат 8дан сўнг спиртли ичимлик сотиш қонунга хилофдир.

Шу пайтгача чеклов соати кечки 11дан эрталабги 8гача бўлган. Спиртли ичимликлар савдоси фақат дўконларда ман этилади. Ресторан, бар ва кафэлар ушбу таъқиқдан мустасно. Ҳозирча қонун фақат Москва ҳудудида кучга киради, бироқ бошқа минтақа раҳбарлари ҳам Москва раҳбарияти ташаббусига эргашмоқчи.

Москва расмийлари фикрларича, чеклов Россия пойтахтида арақхўрликни камайтиришга қаратилган.

Бироқ, кузатувчилар ушбу тадбир арокхўрлик муаммосини ҳал этишда унчалик иш бермаслигини айтишади.

Уларга кўра, чеклов 15 даражадан юқори бўлган спиртли ичимликларга тегишли, қонун бўйича пиво ва айрим вино турлари савдоси тақиқланмайди.

Бундан ташқари ароқ истеъмолини чеклашга қарши бўлганлар алкоголь Россия маданиятининг ажралмас бир қисмига айланганини айтишади. Уларга кўра, ушбу чеклов Шўро раҳбари Михаил Горбачёв давридаги бўлгани каби, етарли натижа бермайди, аксинча, ичкиликбозлик муаммосини янада кучайтириши мумкин.

Айни вақтда мутахассислар Россияда ароқхўрлик даражаси хатарли даражага етгани ва бу миллат насл бузилиши муаммосини юзага келтираётгани урғулашади.

Кузатувчиларга кўра, Россияда меҳнатга яроқли эркакларнинг деярли ярми ҳаддан зиёд алкоголь истеъмол қилиш оқибатида нобуд бўлишади. Мустақил ҳисоб-китоблар бўйича ароқхўрлик Россияда йилига қарийб ярим миллион инсоннинг умрига зомин бўлади.

Президент Медведев ўз чиқишларида алкоголизмга қарши янги кураш дастури ишлаб чиқарилиши зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда Россияда спиртли ичимликларга давлат монополиясини киритиш ва спиртли ичимликларни қаттиқ назорат этиш таклифи янграмоқда.

Ароқхўрлик муаммоси Россияга иш излаб келаётган Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларига ҳам таъсир кўрсатгани айтилади. Экспертлар фикрларича, охирги вақтларда меҳнат муҳожирлари орасида ичкиликбозлик кўпайгани кузатилмоқда. Муҳожирларнинг қалбаки спиртли ичимликлар истеъмол қилишлари оқибатида заҳарланиш ва ўлим ҳоллари ҳам учраб туради. Бундан ташқари кузатувчилар муҳожирларнинг оғир жиноятларга қўл уришларига, асосан, спиртли ичимликлар сабаб бўлади деган фикрни айтишади.