Афғонистонда сайлов номзодлари исёнкорлар ҳужумлари ва таҳдидларидан қўрқувда

Аёл номзод
Image caption Айниқса, аёл номзодларга таҳдидлар кучли

Афғонистон парламент сайловларига номзодлар, тарғиботчилар ва овоз берувчилар Халқаро Амнести ташкилотига мурожаат қилиб, ўзларининг Толибон ва бошқа исёнкор гуруҳлар ҳужумлари ва таҳдидларига юз тутаётганларини айтишган. Айниқса, аёл номзодларга хавф катта ва айримларининг Халқаро Амнестига билдиришларича, маҳаллий хавфсизлик кучлари уларни ҳимоя қилишдан бош тортишган.

Июл ойидан бери Афғонистонда уч номзод ва сайловолди тарғиботлари хизматчиларидан камида камида 15 киши ўлдирилган. Бир неча киши муваффақиятсиз суиқасд амалидан жароҳатлар билан омон қолган. Камида икки номзод ўғирлаб кетилган ва кейинроқ қўйиб юборилган.

Уч номзодни ўлдирилиш амалига масъулликни Толибон ўз зиммасига олган.

Халқаро Амнести ташкилоти Афғонистон ҳукумати номзодларга ҳужумлар ва таҳдидларга жиддий қараши кераклигини айтган ва ҳукуматни барча номзодларни тенг кўришга ва полиция томонидан баробар ҳимоя қилинишини таъминлашга чақирган. Яъни, улар жинслари ва ё сиёсий таъсирларига қараб ажратилмаслиги лозим.

Афғонистонда парламент сайловлари 18-сентябр куни бўлиб ўтиши керак.

Афғонистонда сайлов ўтказиш нимага керак?

Афғонистон сайлов шикоятлари комиссияси сайлов қонунларини бузгани учун яна 10 нафар номзоднинг номи сайлов рўйхатидан ўчирилган.

Шу пайтгача, парламентга аъзолик учун беллашаётган икки ярим минг номзод орасидан юздан зиёд киши рўйхатдан чиқариб ташланган.

Афғонистондаги кутилаётган сайлов натижалари қандай бўлмасин, овоз бериш жараёнида барибир қаллобликларга қўл урилишига ишонилади.

Афғонистон сайлов шикоятлари комиссиясининг хорижий вакиллардан бири худди шундай деб чиққан.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти махсус вакили Стафан де Мистурага кўра, овоз бериш мукаммал бўлмайди.

Ҳафта бошида эса, минглаб сохта овоз бериш қоғозлари топилганди. Шанба кунги сайловни кузатиш учун асосан маҳаллий афғонлардан иборат уч юз мингга яқин кузатувчи мамлакатда иш олиб боради.

Лекин, Оврўпо Иттифоқи тўлиқ сонда кузатувчилар юбормаётир. Сайлов пайти Бирлашган Миллатлар ҳам Афғонистондаги ўз ходимларининг учдан бир қисмини олиб чиқиб кетиши ҳақида хабарлар чиқмоқда.

Оврўпо Иттифоқи парламентидан холланлик вакили Тийис Берман ўтган президентлик сайловларини кузатган. Би-би-си ундан нега бу сафар Оврўпо Иттифоқи тўлиқ кузатувчилар гуруҳини жўнатмаётгани ҳақида сўраган:

Тийис Берман: Бунинг иккита сабаби бор. Аввало, Афғонистонда хавфсизлик ёмонлашган. Ўтган йилга қараганда зўравонликлар 40 фоизга ошди. Бу катта муаммо. Шу боис, у ерга кузатувчилар жўнатиш мушкул иш. Иккинчи сабаб, менимча, бу сафарги сайловда ҳам олдингиси каби қаллоблик бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Ҳалиям сайловчиларни рўйхатга олиш жараён ишончли эмас. Ҳозирги беш миллион овоз бериш карточкаларига ишониш қийин. Ўтган гал овозларнинг қарийб чорак қисми қалбакилаштирилди ахир. Би-би-си: Лекин, мана сайлов шикоятлари комиссияси бор ва унда хорижийлар ҳам ишлаяпти. Демак, қайсидир даражада овозларни текшириш имкони бўлса керак энди?

Тийис Берман: Ўтган йили бу комиссия айтган фикрлар, масалан, Оврўпо Иттифоқи кузатувчилари билан солиштирганда анча юмшоқ эди. Агар улар бошиданоқ кескин танқидлар билан чиқишганида эди, балки қаллоблик ҳоллари озроқ бўларди. Аммо, улар кескин танқид билан чиқмадилар. Бизнинг танқидларимиз ортидан кейингина улар қандайдир қимирлашди, холос.

Би-би-си: Сизнингча, ҳозирги сайловни ўтказиш хўжакўрсинга ўхшайдими? Яъни, мана, Афғонистон олдинга қадам ташламоқда дегандек...

Тийис Берман: Менимча, бу хато амал. Ўйлаб кўринг, хавфсизлик ёмонлашган ва кўп одам овоз беролмайди. Қаллоблик учун шарт-шароит муҳайё турибди. Шуларни билиб туриб, сайлов ўтказиш билан Афғонистон келажаги учун зарур пойдевор ташлаб бўлмайди. Бу сайлов натижаларини тан олсак, демак, парламент, президент ноқонунийлигини тан олган бўламиз. Биз коррупцияга розилик берган бўлиб чиқамиз. Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш керак ҳозир. Лекин, биз бундай қилмаяпиз. Шу боис ҳозирги сайлов фақатгина муваффақиятсизлик кафолати бўлади.

Би-би-си: Лекин, нима бўлганда ҳам, янги парламент жумҳурраис Карзайни ҳисоб бердира олиши мумкин ва бу парламон самарадорлигини таъкинлайди. Шундай экан, бу демократик асослар номукаммал бўлса бордир, лекин барибир олға ташланган бир қадам бўлмайдими? Тийис Берман: Шундай умид ҳам бор. Ўтган ойларда Президент таклиф этган баъзи ҳукумат аъзоларини парламент рад этди. Шу асно афғон парламенти қонунийлиги ва мавқеъи бир қадар юксалди. Аммо, навбатдаги парламент ҳам худди шундай йўл тутишига ишониш қийин. Аввало, парламент аъзолари сайланиши шубҳалардан ҳоли кечиши даркор. Ҳозирда бу иш анча қийин ва узоққа чўзиладиган кўринади. Тўғриси, ҳозирги шароитда "мана сайлов ўтказдик, энди Афғонистон демократик мамлакат бўлди", деб айтолмаймиз. Чунки, бу етарли эмас. Афғонистон халқи эса, ҳамма нарсани яхши кўриб-билиб турибди.