Владимир Путин яна президентликка қайтишига ишора қилди-ми?

 Путин

Россия бош вазири Владимир Путин 2012 йилда яна президентликка қайтишига ишора этган.

Бу ҳақда у Сочида Россия бўйича халқаро экспертларнинг "Валдай" клубидаги учрашуви чоғида айтган.

Владимир Путинга кўра, унинг келгуси президентлик сайловларида қатнашиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

"Ҳар ҳолда ушбу масалада мени ҳаракатларим ҳам, Президент Дмитрий Медведевнинг ҳаракатлари ҳам қонун чизиғидан чиқмайди," деб айтган Владимир Путин.

Кузатувчилар Россия Бош вазирининг президентликка оид мужмал жавоблари Президент Медведев яқинларини жиғига тегмасликка қаратилган, деб ишонишади.

Яқин йилларга қадар журналист ва экспертлар орасида энг омабоп савол "Who is Putin?" , яъни "Путин ким ўзи?" деган савол бўлган эса, эндиликда "Путин ва 2012 йилги президентлик сайловлари" энг кўп янграйдиган саволга айланган.

Сочидаги чиқишида Владимир Путин келгуси президентлик сайловлари ҳақида гапириш ҳали эрта эканлигини урғулаш қатори, Бош вазир ўз вақтида АҚШ Президенти Франклин Рузвельт кетма-кет тўрт маротиба президент этиб сайлангани ва бу Америка Конститутциясига зид бўлмаганини мисол келтирди.

Владимир Путин у ва Президент Медведев сайловлар масаласида ҳам доимо қонун юзасидан иш юритишларини таъкидлади.

"2011 ва 2012 йилларда қандай иш юритишимиз ҳақида мен ва Президент Дмитрий Медведев бир неча бор ўз фикримизни билдирдик. Биз мамлакатдаги реал вазият ва бажарган ишларимиз ва жамиат кайфиятига қараб, иш тутамиз. Менимча, ҳозирча бу ҳақда гапириш эрта," деб айтди Владимир Путин.

Ўз навбатда Дмитрий Медведев олдинги чиқишларининг бирида иккинчи президентлик муддати учун курашиши мукинлигига ишора этганди.

Дмитрий Медведев шу қаторда 2012 йилги президентлик сайловлари учун курашда "учинчи шахс" ҳам қатнашиши мукинлигини таъкидлаганди.

Бироқ президент “учинчи шахс” ким эканига ойдинлик киритмади.

Кузатувчилар Владимир Путиннинг ўтган ой Сибир бўйлаб Лада автомобилида қилган юриши ҳамда ёнғин ўчиришларида қатнашиш каби амалиётлари билан, президентлик компаниясини бошлаб берганига ишора этишади.

Москвадаги Халқаро сиёсий экспертиза институтининг раҳбари Евгений Минченконинг фикрича, президентлик сайловларида икки раҳбардан қай бирининг номзоди илгари сурилиши 2011 ёзига яқин аниқланади.

"Президентлик сайловларида Владимир Путин ёки Дмитрий Медведевнинг қатанишиш-қатнашмаслиги малакатдаги иқтисодий ва сиёсий вазиятга ҳамда номзодларнинг аҳоли орасидаги обрўсига боғлиқ бўлади. Бундан ташқари Россиядаги ҳукмрон элита гуруҳлари орасидаги муҳитга ҳам боғлиқ," дейди сиёсатшунос Евгений Минченко.

Экспертлар шунингдек Бош вазир Владимир Путин ва Президент Медведев муносибатларида айрим бўлиниш белгилари ҳам пайдо бўлаётганига ишора этишади.

Президент Медведев олдинроқ Москва яқинидаги "Химки" ўрмони ҳимоясига қаратилган норозилик амалиёти тарафдорларини қўллаб-қувватлади ва ўрмон яқинида "Москва-Санкт-Петербург" автотрассаси лойиҳасини қайта кўриб чиқишга буйруқ берди.

Ўз вақтида мазкур лойиҳанинг амалага оширилиши Бош вазир Владимир Путин томонидан маъқулланганди.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/