Россиянинг Калининград вилоятида носвой атрофида баҳсу мунозаралар

Нос
Image caption 'Носнинг турган-битгани зарар', дейишади мутахассислар

Калининградда носвой - Осиёда кенг тарқалган, лаб ёки тилнинг тагига ташлаб чекиладиган тамаки қоришмасига талаб ортиб бормоқда.

Маҳаллий Дума айни мана шу тамаки маҳсулотини Россия ҳудудида қонунан тақиқлашга қаратилган ташаббус билан чиқиш ҳаракатида. Яқинда Калининград вилояти Думасига қабул қилинган депутат Игорь Рудников Калининграддаги марказий бозорда очиқчасига наркотик сотилаётгани ҳақида хабар олганини билдирган.

Жаноб Рудниковга кўра, у айни вазиятни ўрганишни сўраб, Гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш федерал хизмати маҳаллий бошқармасига ёзма мурожаат қилган ва текширув натижасида бозорда сотилаётган нарса носвой бўлиб чиққан.

Бошқарма расмийси Михаил Нечушкиннинг сўзларига кўра, арзон таркибида никотин моддаси бўлган ушбу қоришма кўплаб шарқий мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиёда кенг қўлланилади.

Носвой асосан махорка ёки тамакидан тайёрланади. Айрим ҳолларда унга сўндирилган оҳак, турли ўсимликлардан тайёрланган кул, туянинг гўнги ва ё товуқнинг тезаги қўшилади. Носвой тил остига,пастки ва ё тепа лаб тагига қўйилади ва таъсири сезилгунча ушлаб турилади. Носвой сигарет чекиш ё-да, енгил алкогол истеъмол қилишга ўхшаш роҳатланиш ҳиссини пайдо қилиши мумкин. Аслида носвой анчайин ёқимсиз таъмга эга, аммо уни қабул қилиш ноқонуний эмас. 'Турган-битгани зарар'

Михаил Нечушкиннинг айтишича, баъзи-баъзида Гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бошқармасига носвой таркибида наркотик борлиги ҳақида огоҳлантиришлар келиб туради. "Бирда 80 килограмм носвойни мусодара қилдик,-дейди Нечушкин-ва ушбу ашёни Калининград вилояти "Роспотребнадзор" лабораториясига текшириш учун жўнатдик. Аммо, унинг таркибидан ҳеч қандай тақиқланган унсур топилмади".

Бироқ, текширув натижалари "Роспотребнадзор" мутахассисларида жиддий хавотир уйғотган.

Мазкур идора матбуот хизмати носвойнинг ўта хавфли қоришма экани, унда кадмий ва қўрғошин каби заҳарли кимёвий элементлар борлиги ҳақида маълумот тарқатган.

Мазкур муассасанинг таъкидлашича, давомли равишда носвой отиш инсон саломатлигига жиддий зарар етказади.

Лаблар ва ошқозон ва ичак шиллиқ қаватларига ўтиб, тошма ва яралар келтириб чиқаради.

Тамаки сўлак орқали ошқозонга тушиши ва касаллантириши, қайт қилиш, кўнгил айниши, кучли сўлак оқиши, беихтиёр сийиб қўйиш каби ҳолларни келтириб чиқариши мумкин.

Носвой отадиган одамларнинг тил, лаб, ҳиқилдоқ, ошқозон, ичак саратони ва юқумли касалликларга чалиниш хавфи катта.

"Носвой, айниқса, болалар ва ўсмирлар соғлиғига салбий таъсир қилади", дея урғулайди мутахассислар.

Шу билан бирга, Гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш хизмати маълумотларига кўра, сўнгги вақтларда айнан ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида носвой чекиш кенг тарқалган.

"Бу ҳайрон бўладиган ҳол эмас,-дея тушунтиради Калининград депутати Игорь Рудников.-Носвой жуда ҳам арзон. Унинг бир килоси 30 рубль туради. Сигаретга пули йўқ бола бу маҳсулотни осонгина сотиб олади. Бундан ташқари вояга етмаганлар магазиндан сигарет сотиб ололмайдилар-қонунга биноан бунга ҳақлари йўқ. Носвой эса, бозорда, хоҳлаган одамга сотилади". Шарқдан ғарбга...

Яқин-яқинларгача ҳам Калининградда носвой ҳақида ҳеч ким эшитмаганди. Россиянинг энг шарқида жойлашган минтақага у Марказий Осиё ва Қозоғистондан кўчиб келган одамлар билан бирга келди.

Калининград вилояти миграция хизмати бошқармаси раҳбари Юрий Мургиннинг журналистларга маълум қилишича, жорий йилнинг 8 сентябридаги маълумотга кўра, вилоятга давлат дастури асосида минтақага 8024 киши келган. Улардан 3617 нафари Қозоғистондан, 1411 нафари Қирғизистондан.

Image caption Носвой отиш Марказий Осиё мамлакатларида кенг тарқалган

Бундан ташқари вилоятда марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳам оз эмас. Расмий маълумотларга кўра, уларнинг сони 6 мингга яқин, норасмий ҳисоб-китоблар бўйича эса, бу рақам 10 баробардан катта бўлиши мумкин. Бу одамларнинг аксари носвойни яхши билишади, унга ўрганишган. Энди улар орқали маҳаллий кишилар ҳам ушбу тамаки маҳсулоти билан танишяптилар.

Игорь Рудников берган маълумотга кўра, кейинги 3 йилда минтақага носвой олиб кириш 100 килограммдан 100 тоннага етган.

Бир неча кун муқаддам, масалан, вилоят божхона хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон фуқароси Калининграддаги Храбров аэропортига 100 килограммдан ортиқ носвой олиб келаётган бўлган.

Таъқиқлаш керакми ёки йўқ?

"Носвой- ўта зарарли нарса ва бу ҳаммага аллақачон маълум,-дейди Рудников.- Кўп асрлардан бери носвой оммабоп бўлган Туркманистон раҳбарияти уни тақиқлашдан қўрққани йўқ. Россияда эса, нимагадир бу борада қарор берилмаяпти". Хуллас, Рудников жаноблари носвой Россияда маън этилиши керак деган фикрда.

"Агар ушбу организм учун зарарли модда ноқонуний қилиб қўйилса, биз фақат хурсанд бўламиз, -дейди Гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш хизмати Калининграддаги бошқармасидан Михаил Нечушкин.-Носвой соғлиқ учун зарардан бўлак нарса эмас". Аммо, ҳамма ҳам бундай ўйламайди

"Тушунмайман, бир носвой атрофида намунча бақир-чақир? -дея таажжубланади Тожиклар миллий-маданий марказидан Қаҳҳор Расулов.-Бу- оддий тамаки ва унда ҳеч қандай товуқнинг тезаги йўқ. Носвойнинг сигаретдан ягона фарқи - уни чекмайдилар, лабнинг остига қўядилар".

"Кўп мамлакатларда одамлар носвой отадилар ва ҳеч нарса бўлгани йўқ, яшашяпти!- давом этади Расулов. -Биргина ёқимсиз жиҳати-носвой отадиганлар ҳар доим тупуришади. Баъзи чекувчилар ҳам дуч келган жойга папирос қолдиғини ташлаб юришади. Бу этика билан боғлиқ масала".

Нима бўлмасин, вилоят Думасида инфратузилма ва саноат тараққиётига бағишлаб ўтказилган йиғин кунлари Рудниковнинг ташаббуси билан тамаки маҳсулотлари бўйича федерал қонун кўриб чиқилди. Қонунга ўзгартириш шундан иборатки-носвой тамаки маҳсулотлари рўйхатидан олиб ташланади ва шу билан у ноқонуний маҳсулотга айланади. Депутатларнинг кўпчилиги Давлат думасига носвойни бутун мамлакат миқёсида тақиқлашни тавсия этишни ёқлаб овоз беришган. Аммо, қонунга ўзгартиришлар қачон қабул қилинади, умуман, қабул қилинадими-маълум эмас...

Рудниковнинг сўзларига кўра, бу жараён жуда кўп вақт олиши мумкин-балки ойлар, эҳтимолки, йиллар...