Афғонистон: Британ қўшинлари Сангиндан чиқиб кетишмоқда

Сангинни тарк этаётган Британия аскарлари

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятидаги Сангин туманидан Британ аскарлари чиқиб кетишмоқда, уларнинг ўрнини АҚШ қўшинлари эгаллашади.

Британия айнан мана шу ҳудудда энг кўп аскарларидан айрилди.

Сангинни тарк этаётган қўшинлар марказий Ҳелмандга жойлаштирилади, дея хабар беради Кобулдан Би-би-си мухбири Квентин Сомервил.

Сангин 20 минг киши истиқомад қилувчи шаҳарча, аммо биргина шу туманда Афғонистонда ҳалок бўлган британиялик аскарларнинг учдан бири жон таслим қилди.

Ҳелманд вилоятида ҳаммаси бўлиб 106 Британ ҳарбийси ҳалок бўлди, жорий йилнинг ўзида уларнинг сони 36 нафарни ташкил этди.

Энди ҳудуд хавфсизлиги масъулияти Америка денгиз кучларига топширилмоқда.

Британия қўмондонлари шаҳарчада маълум ютуқларга эришилганини айтишади, аммо ҳали якунланмаган ишлар мавжудлигини тан олишади.

Айни пайтда Қироллик денгизчи кучлари жангзада туманни ташлаб чиқаётганларидан мамнун эмаслар.

Мазкур минтақа Толибон учун ўта муҳим таъминот йўлаги ҳисобланади - қўшимча куч, молиявий кўмак ва гиёҳванд моддалар мана шу ер орқали олиб ўтилади ҳамда бир маънода Афғонистондаги исёнкорликка далда бўлиб туради.

Ушбу минтақада ҳозир ҳам ҳар қачонгидек қақшатқич жанглар кечмоқда.

Сангинда Британ қўшинлари фаолияти якун топаркан, умуман, бу ердаги ишни якунлаш учун етарли заҳира бўлганми ўзи, деган савол очиқ қолмоқда.