Япония Хитойдан оролга боғлиқ можарони бўрттирмасликни сўради

Япон соҳил қўриқчилари ва кема капитани

Япония расмий Пекинни Шарқий Хитой денгизида икки япон катери билан тўқнашган Хитой кемасининг ушланиши атрофидаги жанжални бўрттирмасликка чақирди.

7 сентябрда Тайвандан 170 километр шимоли-шарқда Хитойга тегишли балиқ тутиш кемаси Японияга тегишли иккита соҳилни қўриқлаш катери билан тўқнашган эди.

Ҳодиса ҳам Хитой ва ҳам Япония даъвогарлик қилаётган кимсасиз оролдан унча узоқ бўлмаган жойда юз берганди.

Мазкур оролни Япония Сэнкаку, Хитой эса Дяоюйдао деб номлайди.

Балиққа бой ушбу сув ҳудудида шунингдек нефть ва газ конлари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Аввалроқ Хитой ҳукумати давлат телевидениеси орқали Токио билан юқори даражали алоқаларни узаётганини эълон қилганди.

Япония ҳукумати Хитойнинг ушбу қароридан бехабар эканини айтган.

Можарога сабаб хитойлик кема сардорининг япон чегара қўриқчилари томонидан хибсга олиниши бўлмоқда.

Япония Хитойни зиддиятни янада авж олдирмасликка ундамоқда.

Лекин, Би-би-си мухбири Широнг Ченг хабарига кўра, икки томоннинг можарода ён бериш нияти йўқ.

Япония қирғоқ қўриқчилари хитойлик капитанни ҳибсга олишганидан буён Пекин унинг озод этилишини талаб қилиб, ҳар куни Токиога мурожаат қилиб келади.

Икки осиёлик қудратли рақиблар ўртасидаги бу танглик чуқурлашиб борар экан, айниқса Хитой кескинроқ амал қилмоқда.

Пекин агар Токиога нисбатан юмшоқроқ муносабат қилса, ўз халқининг қаҳридан чўчийди.

Ҳукуматлараро алоқаларни тўхтатиш ортидан, Пекин япон манфаатларига қарши чоралар кўришини айтган, бироқ уларни аниқламаган.

Ҳозирча Японияга қилинаётган босим натижа бергани йўқ.