Америкада 'Обаманинг уруши' китобидан парчалар нашр этилди

АҚШда нашрга тайёрланган "Обаманинг уруши" китобида ёзилишича, Америка президентининг Афғонистон бўйича махсус элчиси Ричард Холбрук бу мамлакат учун ишлаб чиқилган стратегия иш беришига ишонмайди.

Китоб муаллифи Боб Вудворд бўлиб, у 1970-йилларда АҚШ президенти Ричард Николсон истеъфосига сабаб бўлган "Уотергейт" масаласи бўйича изланиш олиб борган кекса журналистдир.

New York Times рўзномаси Боб Вудворднинг янги китобидан парчалар эълон қилган.

"Обаманинг уруши" китобига кўра, АҚШ маъмуриятида Афғонистонга мўлжалланган стратегия юзасидан қаттиқ келишмовчиликлар юзага келган.

Боб Вудворднинг ёзишича, Америкадаги айрим юқори лавозимдаги мулозимлар Президент Обаманинг Афғонистонга қўшимча 30 минг аскар юбориш ва 2011 йил ёзидан АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш режасини маъқуллашмайди.

Китобда Президент Обаманинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус элчиси Ривард Холбрукнинг Афғонистонга мўлжалланган АҚШ стратегияси "ишламайди" деган сўзлари келтирилган.

Афғонистонга оид стратегия масаласида Обама маъмуриятида зиддиятларнинг бўлгани ҳамда мазкур стратегияни бир шаклга келтириш мушкул ва оғриқли жараён бўлгани сир эмас, дейди Би-би-си мухбири Ник Чайлдс.

Алалоқибат, тортишувлар ва ҳисоботларга қарамасдан, АҚШ Президенти Барак Обама ўтган йил декабрида олган қароридан чекинмади ва ўзи танлаган йўлдан борди.

Яқинда чоп этилиши кутилаётган китобда стратегия борасида Обама ҳукуматидаги ички келишмовчилик ва тортишувлар аввал хабар берилганидан ҳам кучлироқ бўлганини очиб ташланади.

Унда афтидан Президент Обама ва юқори ҳарбий қўмондонлар ҳамда ҳарбийлар ичида шубҳа қилинганидан ҳам кўпроқ бўлиниш ва келишмовчиликлар бор эди, деган ғоя илгари сурилган.

"Обаманинг уруши" китобига кўра, жаноб Обама Афғонистондан чиқиб кетиш қарорини фақатгина маҳаллий сиёсий сабаблар билан боғлаган.

Яъни, қўшинлар чиқиб кетганидан кейин Афғонистонда қандай аҳвол юзага келишидан ҳам кўра кўпроқ жаноб Обамани ўз партияси аъзоларининг дастаги кўпроқ ўйлантирган.

Янги китобга кўра, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай восвос касалига чалинган.

Америка жосуслик хизмати Афғонистонда уч юз минг афғондан иборат махфий армияга эга, деб ҳам қайд этилади "Обаманинг уруши" китобида.