Президент Ҳомид Карзай нутқ сўзлаётиб, йиғлаб юборди

Ҳомид Карзай
Image caption Карзай жаноблари ўз ўғлининг келажагидан ҳам хавотирда эканини айтган

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай мамлакатни қаърига тортган муаммолар ҳақида гапира туриб, йиғлаб юборган.

Жаноб Карзайнинг Кобул марказидаги ўқувчи ва ўқитувчилар қаршисида сўзлаган нутқи телевизион орқали олиб кўрсатилган.

Карзай жаноблари уруш мурғак ўғлини ўз ватанидан чиқиб кетишга мажбурлаши мумкинлигидан қўрқишини айтган.

Президент афғон болалари ва ўқитувчилари бомба ва таҳдидлар боис мактабга боришдан ҳайиқишларидан куюнган.

Аввалроқ, Афғонистонда амалга оширилган худкушлик ҳужуми Ғазни вилояти ҳокими ўринбосарининг умрига зомин бўлган.

Карзай жанобларининг сешанба кунги нутқи тўрт кишидан бири саводсиз дейиладиган мамлакатда таълимни рағбарлантиришга қаратилган. Афғонистон Президенти ўз мамлакатида одамлар таълим олишлари ва ўз-ўзларига ишонадиган даражага етишларини исташи ҳақида гапираётиб, йиғлаб юборган.

"Ўғилларимиз бомбалар ва худкушлик ҳужумлари боис мактабга бориша олмайди. Ўқитувчиларимиз тўқнашувлар ва суиқасд таҳдидлари туфайли боролмайдилар. Мактаблар ёпиқ", деб айтган у.

Ўзининг 3 яшар ўғли ҳақида гапираркан: "Мен унинг шу ерда таълим олишини истайман. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен хавотирдаман, оҳ одамлар, хавотирдаман. Аллоҳ сақласин, Мирвайс Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлиши мумкин", дея қўшимча қилган Афғонистон Президенти.

Юзлаб ўқитувчилар, талабалар ва расмийларга қаратилган нутқ телевизион орқали намойиш этиларкан, тингловчилардан айримларининг ҳам йиғлаётганларини кўриш мумкин бўлган.

Афғон раҳбарининг нутқи америкалик таниқли журналист Боб Вудворд (Bob Woodward)нинг Афғонистондаги уруш туфайли Обама маъмуриятида келиб чиққан бўлинишлар ҳақидаги янги китоби чоп этилиши ортидан кузатилмоқда. Унда муаллиф, жосусликка иқтибосан, Афғонистон Президенти вос-вос касалига чалингани ва муолижа қабул қилгани ҳақида айтади.

Жаноб Карзайнинг идораси эса, "Обаманинг Урушлари" деб номланган китобни "юқори даражада фитна қўзғовчи" дея таърифлаган.

Худкушлик ҳужуми

Сешанба куни аввалроқ, Ғазни вилояти ҳокими ўринбосари Муҳаммад Козим Аллоҳёр, унинг ўғли ва жияни худкушлик бомба ҳужумида ҳаётдан кўз юмишган.

Полиция хизмати бошлиғи Заравар Зоҳиднинг айтишича, ҳужумчи Ғазни шаҳрида гуруҳнинг икки автомашинасидан бирини нишонга олган.

Полицияга кўра, портлаш юз берган маҳал жаноб Аллоҳёр ишга кетаётган бўлган. Ҳодисада ҳоким ўринбосарининг уч тана қўриқчиси ҳам нобуд бўлган.

Яна 8 киши, жумладан йўлда кетаётган одамлар ҳам тан жароҳати олишган.

Жаноб Аллоҳёр ўз лавозимида 7 йил фаолият олиб боргани ва икки ойгина муқаддам бомба ҳужумидан омон қолгани хабар қилинади.

Хабарлардан бирида худкуш ҳужумчи мотоциклда бўлгани, бошқа бир ҳужумчи автомашинада келгани айтилади.

Афғон расмийлари ҳукумат ёки халқаро кучлар билан бирга ишлаганлари учун Толибон тарафидан тез-тез нишонга олинади.

2010 йил муқаддам Қўшма Штатлар етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар бошланганидан буёнги энг қонли йил бўлди.

Ҳозир Афғонистонда 150 минг атрофидаги қўшинлар исёнкорликни енгиш учун кураш олиб бормоқда. Қўшма Штатлар кучлари келаси йилдан бошлаб олиб чиқиб кетилиши кутилмоқда.

НАТО ва Афғон қўшинлари жанубдаги Қандаҳор ва унинг атрофидаги ҳудудларни толиблардан тозалашга қаратилган ҳарбий амалиётларини бошлаганлар.