Аёдҳиядаги масжидни мусулмонлар ва ҳиндулар бўлишадиган бўлди

Image caption Расмийлар маҳкама қарорини ҳурмат қилишга чақирган

Ҳиндистондаги маҳкама Аёдҳия шаҳридаги баҳсли муқаддас масканни ҳиндулар билан мусулмонлар ўртасида бўлашиш керак деган қарор чиқарган.

Ҳукмга кўра, баҳсли муқаддас ер мусулмонлар, ҳиндулар ҳамда маҳаллий диний гуруҳларга бўлиб берилиши керак.

Ҳакамлар бу ернинг бир бўлаги ҳиндулар маъбуди Рама туғилган жой деган хулосага келганлар.

Аёдҳиядаги Бобурий масжид жойи устидан тортишувлар кўплаб низоларга олиб келган.

1992 йилги тўқнашувлар икки мингча инсон умрига зомин бўлган.

Маҳкамада мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилган ҳимоячи Зафарёб Жилоний маҳкама қарори устидан шикоят қилишини маълум этган.

Жаноб Жилоний сўзларига кўра, маҳкама қарори ҳафсалани пир этадиган бўлган.

Ҳукмга кўра, бинонинг учдан бир қисми мусулмонларга тегишли бўлади.

Бу жойнинг маъбуд Рама туғилган жой дея қабул қилиниши улкан бахт, деб эълон қилган маҳкамадаги тарафлардан бири сифатида иштирок этган ҳинду партияси раҳбарларидан бири.

Ҳиндистон шимолидаги Уттар Прадеш штати Аёдҳия шаҳридаги Бобурий масжиди атрофидаги жанжал мусулмонлар ва ҳиндулар ўртасида бир асрдан кўпроқ вақтдан буён давом этиб келади.

Ҳиндуларнинг даъво қилишича, ушбу масжид маъбуд Раманинг туғилган жойи бўлган ва у 16 асрда ҳинду ибодатхонасининг мусулмон истилочиси томонидан вайрон этилиши ортидан барпо этилган.

Мусулмонлар эса ушбу масжидда 1949 йилгача қадар ибодат қилганликларини айтишади.

Уларга кўра, 1949 йилда баъзи одамлар масжиднинг қоронғу жойларига Рама бутларини яширинча ўрнатишган ва кўп ўтмай у ерда маъбудга сиғиниш одат тусига кирган.

Қирқ йилдан кўпроқ вақт давомида ҳинду ва мусулмон гуруҳлари ушбу мажмуани назорат ва у ерда ибодат қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун маҳкамаларга кўп марталаб бош уришди.

Ушбу тортишув 1992 йилда масжид Ҳинду оломони томонидан вайрон этилиши ортидан аланга олди.

Натижада мамлакат бўйлаб ўт олган диний ғалаёнларда 2000 га яқин одам ҳалок этилди.

Оллоҳобод маҳкамаси ҳукми учта нуқтага қаратилди: биринчиси, тортишувли жой ҳақиқатдан ҳам Раманинг туғилган ери бўлганми? Иккинчиси, масжид ҳақиқатдан ҳам ибодатхона вайрон этилган жойга қурилганми; ва учинчиси масжид Ислом ҳукмларига кўра тўғри барпо этилганми ёки йўқ.

Қарор ортидан бу ерда ҳиндулар ибодатхона қуришни, мусулмонлар эса масжидни қайта таъмирлашни режалаштирганлар.

Шу нуқтаи назардан Аллоҳобод маҳкамаси ҳукмида, афтидан иккала томоннинг ҳам талаблари эҳтиёткорлик билан инобатга олинган кўринади.

Лекин шу билан бирга аксар ҳакамлар Бобурий масжид ўрни ҳиндулар худоси - Раманинг туғилган жойи деган хулосага келганлар.

Ушбу қарорнинг сиёсий таъсири қандай бўлади?

Минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган жой юзасидан якуний хулосани олиш марказ сўл қанот қарашларда бўлган Конгресс партиясига жуда қийин бўлмоқда.

Ҳиндуларнинг ёнини олиш дунёвий мавқеда бўлган Конгресснинг мусулмонлар билан бўлган алоқаларига путур етказарди; мусулмонларнинг ёнини олиш эса, ҳинду гуруҳларини ушбу жойдан қувиб чиқиш учун қонуний рухсат берилишини англатади. Ҳиндулар мамлакат аҳолисининг 80 фоизини ташкил этади.