Афғонистон: Қундуз вилояти ҳокими ҳалок этилди

Толибон

Афғонистон расмийларининг маълум қилишларича, мамлакат шимоли-шарқидаги Тахор вилояти маркази Толуқон шаҳрида жойлашган масжидда юз берган портлашда Қундуз волийси дохил камида 14 нафар одам ҳалок бўлган.

Қундуз вилояти ҳокими Муҳаммад Умар Толуқон шаҳрида жума намозини адо этаётган бўлган.

Тахор вилояти хавфсизлик хизмати бошлиғи Шоҳ Жаҳон Нурий Қундуз вилояти ҳокимининг ҳалок бўлганини тасдиқлаган ва яна камида 20 нафар инсоннинг жароҳат олганини маълум қилган.

Портловчи моддалар масжидга ўрнатилган бўлганми ёки портлаш худкуш ҳужумчи томонидан содир этилганми ҳозирча маълум эмас, дейди маҳаллий мулозимлар.

Ҳужум масъулиятини ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмаган.

Асли Тахор вилоятилик жаноб Умарнинг президент Ҳомид Карзайга яқин бўлгани айтилади.

Бугунга қадар бир неча ҳужумдан омон қолган Муҳаммад Умар уларнинг барчасида Толибон ҳаракати жангариларини айблаган эди.

Унинг биродари яқинда Қундузда отиб кетилган эди.

Афғонистонда исёнчилик ҳаракати асосан мамлакат жануби ва шарқида экани хабар қилинади, бироқ сўнгги дамларда хавфсизлик вазияти Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ҳам издан чиқаётгани кузатилмоқда.