Россияда аҳолини рўйхатга олиш бошланди

Рўйхатга олиш тадбири
Image caption Рўйхатга олиш тадбирида Россияда яшаётганларнинг барчаси иштирок этиши сўралади

Пайшанба кунидан бошлаб Россия бўйлаб аҳолини рўйхатга олиш тадбири бошланди.

Расмийларга кўра, Россия фуқаролари қатори, ҳарбий хизматчилар, маҳбуслар, уйсизлар ҳамда меҳнат муҳожирлари рўйхатга олинади.

Расмийлар тадбирда қатнашиш ихтиёрий эканлиги ва рўйхатга олинувчининг исм-шарифи ва қаерда яшаётгани талаб этилмайди.

Меҳнат муҳожирлари Россияда вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар сифатида қайд қилинади.

Совет Иттифоқи парчаланганидан буён Россияда аҳолини рўйхатга олиш тадбири иккинчи бор ўтказилмоқда.

Ҳукумат аҳолидан ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақирган.

Қимматга тушаётган тадбир

Ҳукумат ушбу тадбирга 17 миллиард рубль сарфлайди. Бу маблағ 2002 йилдагига нисбатан тўрт баробар кўпдир.

Росстат бошлиғи Александр Суриновнинг айтишича, АҚШда аҳоли рўйхатга олинар экан ҳар бир фуқарони ҳисобга олиш учун 50 доллар сарфланиши назарда тутилади. Россияда эса бу тадбирга 4 доллардан камроқ сарфланади, дейди Александр Суриков.

Аҳолини рўйхатга олиш ишлари учун 650 минг одам танланган. Уларга бир кунлик меҳнатлари учун 550 рубль ҳақ тўланади.

Россия ҳукуматига мухолифатда бўлган ҳаракатлар аҳолини рўйхатга олиш тадбирини бойқот қилишга чақирганлар.

Бироқ ўтказилган оммав сўровига кўра, фуқароларнинг 88% саволларга жавоб беришга тайёр.

Муҳожирлар ташвиши

Айни дамда расмийларнинг ишонтиришларига қарамасдан, рўйхатга олиш тадбири, кўпчилик меҳнат муҳожирларининг хавотирига сабаб бўлаётгани айтилади.

Муҳожирлар сўзларига кўра, улар турар уйларига рўйхатга олувчилар ташрифидан сўнг, милиция ёки миграция идораси ходимлари бостириб киришлари мумкин.

Москва савдо марказида ишлаётган Тожикистонлик Шамсиддин, рўйхатга олиш тадбирига қатканшмаслигини айтади.

"Аҳолини рўйхатга олиш мигрантлар учун фойдасидан кўра зарари кўпроқ, менимча. Тадбирга нима сабабдан мухожирларни ҳам қўшишгани мен тушунмайман. Рўйхатга олишни мигрантлар учун бирор зарари йўқ, деб айтишади. Лекин мен бунга ишонмайман. Чунки Россия амалдорлари ўзлари чиқарган қонунга ўзлари риоя қилишмайди," дейди Шамсиддин.

"Милитсия ҳужжатингизни текширганда кўп ҳолларда, милиция идорасига олиб кетади. У ерда биринчи навбатта телефонингизни олиб қўйишади, бирор нарсани "ёзиб" қилмасин, деб. Кейин қолипга сиғмайдиган ҳар қандай гапни сизга айтишади, сўкишади, хўрлашади. Россияда мигрантларга қаратилган ҳар қандай тадбир, уларни ташвишга солади," илова қилади тожикистонлик Шамсиддин.