Афғонистондаги ваҳшийликлар ҳисоботини БМТ яширганми?

Image caption БМТ яширган ҳисобот Афғонистондаги Шўро ишғолидан бошланган даврни қамраб олади

Le Temps газетасининг ёзишича, Совет ишғолидан бошлаб токи АҚШ бошчилигидаги ишғолгача ўтган даврда Афғонистонда инсон ҳуқуқларини оёқости қилиш кенг тарқалгани борасидаги ҳиcобот дунёга маълум қилинмай келган.

Унда Совет Иттифоқи, мужоҳидлар ва ниҳоят Америка кучлари содир этган "ваҳшийликлар" ҳақида сўз боради.

Le Temps газетасига кўра, ҳисоботни тайёрлаш учун камида бир йил изланиш олиб борилган ва 2005 йили эълон қилиниши керак эди. Аммо Афғонистон президенти Ҳомид Карзай уни ошкор этмасликни сўраган.

Сабаби - Жаноб Карзай ҳукуматида ишлаётган баъзи мулозимларнинг номлари инсон ҳуқуқларини топтаган инсонлар сифатида ҳисоботда қайд этилган. Шу боис нашр айни ҳисобот атайдан бости-бости қилинган, деб урғулайди.

Le Temps газетаси эса, ўз мақоласини асосларкан, яшириб келинган бу ҳисоботнинг 300 саҳифалик нусхасига эга эканлигини таъкидлайди.

Ҳисобот 1978 йилги ҳарбий тўнтаришдан бошлаб, Совет ишғоли, мужоҳидлар урушлари, Толибоннинг қудратга келиши ва бу ҳаракатнинг АҚШ етакчилигидаги иттифоқчи кучларга енгилиши даврларини қамраб олган.

Унда "шўролар, коммунист раҳбарлар, Исломий жангарилар ва ҳатто АҚШ кучлари турли даражадаги "ваҳшийликларга қўл урганлари" айтилади, деб ёзади газета.

Мазкур жиноятлар сирасига қийноқлар, рисоладагидек текширилмасдан, шошилинч амалга оширилган қатллар, оммавий жинсий зўрлашлар ва болалардан жангчилар сифатида фойдаланишлар киритилган.