'Тоҳир Йўлдош яшаган қишлоқда 'олмониялик жангарилар' ўлдирилган'

Би-би-сига маълум қилишларича, Покистондаги учувчисиз бошқариладиган учоқ отган ракеталар ҳужумидан ҳалок бўлган бўлган олмониялик жангарининг жасадини Толибон ҳодиса жойидан олиб кетган.

Покистон хавфсизлик зобитлари ракета ҳужумида ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари Олмония фуқароси эканини тасдиқлаганлар.

Шимолий Вазиристоннинг Мир Али шаҳридан уч километр узоқликда жойлашган қишлоқдаги хонадонлардан бирига учувчисиз бошқариладиган учоқ икки ракета отган.

Бу хонадон маҳаллий Толибон қўмондони Шер Муллага яқин инсоннинг уйи бўлган.

Ракета ҳужумида саккиз киши ҳалок бўлган, кўплаб инсонлар яраланган.

Афтидан жангарилар бу ҳудудлар назоратида деб кўриладиган Толибон қўмондони Ҳафиз Гул Баҳодур қўли остидаги Шер Мулла билан учрашиш учун борганлар.

Олмония фуқароларининг Шимолий Вазиристонга ҳарбий тайёргарликдан ўтиш мақсадида борганлари хабар қилинган.

Мир Али шаҳри атрофи ўтмишда қўплаб чет мамлакатлардан борган жангарилар яшаган жой бўлган.

Покистонлик журналистларга кўра, бу ерда Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош ўз жангарилари билан бир неча йил яшаган.

Мир Алига яқин Банну деб аталган жойда Покистон хавфсизлик кучлари Олмония, Ҳолландия ва Франция фуқароларини ҳибсга олганлар.

Хавфсизлик хизматларига кўра, ушбу ҳудудлардаги жангариларнинг "Ал-Қоида"нинг Оврўпо шаҳарларига ҳужум режасига алоқалари бор.

Покистондан Оврўпога террор хуружлари таҳдидлари

Image caption Тоҳир Йўлдош ҳам Американинг учувчисиз бошқариладиган учоғидан отган ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган

Шимолий Вазиристонга АҚШ учувчисиз учоғи уюштирган ракета ҳужуми деб кўриладиган ҳужум Американинг Оврўпо шаҳарларига террорчилик ҳужумлари режалаштирилаётгани борасида огоҳлантириш билан чиққанидан кейин рўй берган.

АҚШ Марказий Жосуслик бошқармасига кўра, "Ал-Қоида" Берлин, Париж ва Лондон шаҳарларини нишонга олишни режалаштиргани эҳтимоли мавжуд.

Қатор мамлакатлар террор ҳужумидан огоҳликни кучайтирган, фуқароларини Оврўпо шаҳарларига саёҳат қилмасликка чақирган.

Америка матбуотига кўра, эҳтимолий террор хуружи олдини олиш мақсадида Марказий Жосуслик бошқармаси Покистоннинг қавмлар назоратидаги ҳудудларга учувчисиз учоқлардан отиладиган ракета ҳужумлари сонини кўпайтирган.

Ғарбдаги жосуслик хизматлари бу каби ракета ҳужумлари "Ал-Қоида"ни йирик амалиётларга қўл уриши имкониятини чеклайди.

Покистон шимолига шу йил давомида учувчисиз бошқариладиган учоқлардан отилган ракеталардан 150 инсон ҳалок бўлган.

Улар орасида жангарилар ҳам, Покистон тинч фуқаролари ҳам бор.

Ҳамбургглик исломчилар

Покистоннинг қавмлар яшайдиган ҳудудларида Олмония фуқаролари бўлган инсонларнинг пайдо бўлгани Олмон расмийларини хавотирга солган.

Берлиндаги жосуслик манбаларига кўра, Ҳамбург шаҳрида истиқомат қилган, Олмония фуқаролигига эга бир неча исломий жангари 2009 йилда ғойиб бўлганлар.

Улар ҳозир Шимолий Вазиристонда деб кўрилади.

Исломчилар Ҳамбург шаҳридаги август ойида ёпилган масжидга қатнаганлар.

Ҳамбургдаги масжид ёпилишида Ўзбекистон ҳам тилга олинди

Ҳамбург масжидига 2001 йил 11 сентябрда АҚШга ҳужумларни уюштиришга алоқадор деб кўрилган бир неча шахс қатнагани маълум бўлган.

Ўтган ой асли келиб чиқиши суриялик билан 25 ёшли Олмония фуқароси Покистонда ҳибсга олинган.

Унинг ҳам Ҳамбург гуруҳига алоқаси борлиги айтилади.

4 октябр куни Олмония Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, охирги ойларда 70 атрофида Олмония фуқароси Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий тайёргарлик жамлоқларида бўлганлар ва учларнинг учдан бир қисми яна Олмонияга қайтган.