Тюменда келиб чиқиши Ўзбекистонлик бўлган имом ўлдирилди

Image caption Исомуддин Акбаров "Ислом Нури" масжидига 13 йилдан бери имомлик қилиб келган.

Россиянинг Тюмен вилояти прокуратураси тарқатган хабарга кўра, 10 октябр кундуз куни Новоуренгой шаҳрида жойлашган "Ислом Нури" масжиди имоми Исомуддин Акбаров кетаётган машина ўққа тутилган.

Прокуратурага кўра, имом Акбаров жасади автомат ўқларидан илма тешик бўлган.

Ҳужум пайтида Исомуддин Акбаров машинада якка ўзи бўлган. Прокуратура жиноиий кодекснинг "қотиллик" моддаси бўйича жиноий иш очган.

Фожеа жойига Тюмен вилояти губернаторининг муовини ҳамда вилоят ҳуқуқ- тартибот органларининг юқори расмийлари етиб келишган.

Россия прокуратураси расмийлари имом Исомуддин Акбаров ўлдирилишининг сабаблари борасида ҳозирча бирор тахминни олдинга суришгани йўқ.

Айни вақтда маҳалий кузатувчилар сўнги бир неча йил давомида "Ислом Нури" масжидида бир Россия ҳуқуқ- тартибот органлари томонидан текширув ва тинтувлар бир неча бор ўтказилган.

Ўтган Рамазон ҳайит байрами куни, Новоуренгой милиция ходимлари намозга йиғилган мусулмонларнинг юзга яқини ҳибсга олиниб, сўроққа тутилган ва кейинчалик қўйиб юборилган эди.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари "Ислом Нури" масжидида ўтказилган сўнги текширувлар ва имомнинг ўлдирилгани борасида ҳозирча бирор маълумот тарқаткани йўқ.

Россия Муфтийлар кенгаши ҳамраиси Нафиъулла Ашировга кўра "Ислом Нури" масжиди имоми Исомуддин Акбаров Россиянинг энг обрўли имомларидан саналган.

"Исомуддин Акбаров сиёсатдан йироқ юрган, бизнес ё бошқа тижорий ишларга умуман аралашмаган имом эди. У 13 йилдан буён Новоуренгой шаҳридаги "Ислом Нури" масжидига имомлик қилган. Исомуддин Акбаровнинг ваҳшийларча ўлдирилгани биз мусулмонларни ларзага солди деб",- айтди Россия Муфтийлар кенгаши ҳамраиси Нафиъулла Аширов.

Исомиддин Акбаров 1990 тўқсонинчи йилларда Фарғона вилоятидан Тюмен вилоятига кўчиб ўтган. Унинг 10 фарзанди етим қолди.