Ер остида икки ой қамалиб қолган чилилик кончиларни қутқариш бошланди

Чилида ер остидаги конда август ойидан буён қамалиб қолган 33 кончини қутқариш амалиёти бошланган.

Маҳаллий вақт билан тунги 12 дан 10 дақиқа ўтганда биринчи шахтёр Флоренсио Авалос ер юзасига чиқарилган.

Флоренсио Авалос Чили Президенти Себастян Пинера билан қучоқлашиб кўришди.

Бу ҳаяжонли дақиқаларни Чили шимолидаги Атакама чўли қоқ ўртасидаги Сан Хосе кони атрофига йиғилган шахтёрларнинг яқинлари, бутун дунёдан йиғилган журналистлар воситасида миллионлаб инсонлар кузатганлар.

Би-би-си шахтёрларни озод қилиш амалиётини тўғридан-тўғри намойиш этмоқда.

Кончиларни қутқариш амалиёти ҳақида фотолавҳа

Ер юзасига Марио Сепулведа ҳамда кончилар орасидаги ягона Боливия фуқароси Карлос Мамани кўтарилган.

Шунингдек, ер остида қамалиб қолганлар орасида энг ёши Жимми Санчесни юқорига олиб чиқишди.

Чили Президенти Себастян Пинера қутқарув амалиётини мўъжиза деб атаган.

Қутқарувчилар ҳар бир соатда бир кончини олиб чиқажакларини айтишган, умумий ҳисобда бу икки кунни олиши мумкин.

Сан Хосе конида портлаш 5 августда рўй берган эди.

Дастлаб мис конидаги портлаш ҳақидаги хабардан кейин ер остидаги инсонлар тирикми ёки йўқми экани бир неча кун номаълум бўлиб турди.

Сал ўтиб қутқарувчилар хушхабар олдилар, 33 кўмирчи омон қолган.

Бироқ улар ер сатҳидан 622 метр пастликда қамалиб қолган, уларни олиб чиқадиган кон шахтаси вайрон бўлган эди.

Шахтёрларни тепага олиб чиқиш учун уч жойдан туйнук қазишга киришилди, аммо инсонларни юқорига олиб чиқишга фақат янги йил арафасида эришиш мумкин, деган тахминлар билдирилди.

Лекин шунча узоқ вақт зулматда қоладиган одамларнинг руҳий ҳолати бунга чидаш берармикан, деган хавотирлар ўртага чиқди.

Ер остига веб-камера туширилди, кончиларнинг яқинлари билан бир-бирларини кўриб гаплашишларига имконият берилди.

Юқоридан танишу-нотаниш инсонлар шахтёрларга далда бўладиган совғалар, уларни қўллаб-қувватлаш изҳор этилган мактублар етказилди.

Одамлар қамалиб қолган жойгача худди космонавтларни ташишга мўлжаллангандек махсус капсула ҳаракатлана оладиган туйнук очиш 33 кун давом этди.

Икки ой кўзи қоронғуликка ўрганган кончиларни кўзойнак тақиб чиқаришга қарор қилинган.

Озод этилганидан кейин кончиларни шифокорлар текширувдан ўтказишади, бир муддат шифокорлар назоратида бўлганларидан кейин оилалари бағрига қайтишлари мумкин.