Бурни кесилган афғон қизининг янги ҳаёт умидлари

Image caption Ойша учун янги бурунни Калифорниялик жарроҳлар "ясаб" беришди.

"Time" журнали муқовасида сурати нашр этилган бурни кесилган афғон қизига америкалик жарроҳлар янги пластик бурун "ясаб" беришди.

Ойшанинг журналга айтишича, турмуш ўртоғининг калтак ва хўрликларидан қочиб кетгани учун Толиблар ҳукми билан эри бурун ва қулоқларини кесиб ташлаганди.

"Биз Афғонистонни ташлаб чиқсак нималар рўй бериши мумкин?" сарлаҳаси остидаги мақолага илова сифатида келтирган Ойшанинг сурати катта баҳсларга сабаб бўлди.

Ойша учун "янги бурун"ни Калифорниядаги шифохона мутахассилари яратишди.

Жарроҳлик амалиёти харажатларини ўз бўйнига олган жамғарма аёлларга қарши зўравонликка қарши кампания олиб боради ва аёллар учун бепул пластик жарроҳлик амалиётларини таклиф этади.

Ойшага шу ҳафта бошларида жамғарма томонидан ташкил этилган маросимда "Матонати учун", дея номланган мукофот топширилди.

Image caption Сурати журнал муқовасида чиққан Ойшага "Матонати учун" мукофоти топширилди.

Мукофотни Ойшага Калифорния штати ҳокими Арнолд Шварцнеггернинг рафиқаси Мария Шривернинг шахсан ўзи тақдим этди.

"Матонати учун" мкофоти биринчи маротаба тақдим этилмоқда, ва бу мукофот юрагида матонати ва муҳаббати бўлган аёлга берилмоқда", деди Шривер хоним.

Ҳозирда ёши 18 да бўлган Ойшани балоғатга етмасиданоқ "хун бадали" сифатида бериб юборишган ва кейинчалик Толиблар жангариларидан бири унга уйланиб олган.

Шундан сўнг Ойшанинг бошига турмуш ўртоғи ва унинг оиласи не кунларни солишмади. Охири чидамай қочиб кетди. Лекин уни тутиб олишди, ва турмуш ўртоғи жазо тариқасида бурун ва қулоқларини кесиб ташлади.

Ойшанинг мисолини ғарбда хорижий кучлар Афғонистонни тарк этсалар мамлакатда нималар рўй бериши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни дастаклаш учун кенг қўлладилар.

Баъзи танқидчилар"Time"журналини пўписа қилиш ва АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонда қолишлари учун оқлов топиш йўлида "эҳтиросларга берилишда" айбладилар.