Тюмен собиқ губернатори Москва янги мэри бўлиши мумкин

Медведев ва Собянин
Image caption Сергей Собянин номзоди Президент Дмитрий Медведев томонидан кўрсатилган

Москва шаҳри думаси Сергей Собянин номзоди учун 21-октябр куни овоз беради.

Бу ҳақда Дума раиси Владимир Платонов маълум қилган.

Владимир Платоновга кўра, агар Сергей Собянин номзоди тасдиқдан ўтса, у ўша куниёқ пойтахт ҳокими сифатида иш бошлаши мумкин.

"Мэр қасамёд қабул қилиши билан вазифасини бажаришга киришади. Қасамёдга келтириш пайшанба куни 18:00да режаланган", дейди Россия ахборот агентликларидан бири Платоновга иқтибосан.

Россия Президенти Дмитрий Медведев 15-сентябр куни 52 ёшли Собянин жанобларини Москва мэрилигига номзод қилиб кўрсатганди.

Россияда нашр этилувчи "Коммерсант" рўзномасига кўра, Сергей Собянин ҳоким этиб тайинланса, Россия пойтахти инфратузилмасидаги муаммоларни бартараф этиши керак бўлади.

Айни пайтда унинг Москва шаҳри ва вилояти ўртасидаги муносабатларни ислоҳ этиши кутилмоқда.

"Ведомости" газетасининг ёзишича, Собянин Москва ва вилоят ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг янги механизмни ишлаб чиқариши керак.

Газетанинг қайд этишича, бунга унинг Тюмен губернаторлиги пайтида тўплаган иш тажрибалари асқотиши мумкин. У ўз губернаторлик фаолияти давомида бу каби масалаларга вазифаларни муваффақиятли ечим топа билган.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124