'Чеченистон парламентига ҳужум қилган жангарилар ўлдирилган'

Image caption Ҳужум эрталабки соатларда амалга оширилган

19 октябр куни эрталаб уч қуролли шахс Грозний шаҳридаги Чеченистон парламентига ҳужум қилганлар. Расмийларга кўра, махсус амалиётда жангарилар ўлдирилган, улар бинони қўриқлаётган икки милиционер ва бир ходимни ўлдирганлари хабар қилинган.

Чеченистон расмийларига кўра, ҳодиса эрталаб парламент депутатлари ишга кела бошлаган вақтда юз берган.

Парламент биносига яқинлашган депутатларнинг автомобили орқасидан жангарилар ҳам келишган.

Улар ичкарига киришга муваффақ бўлганлар.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров сўзларига кўра, ҳужумчилар парламентга бостириб киришда икки милиция ходими ва парламентнинг хўжалик ишлари бўйича мудирини отиб ўлдирганлар.

Расмийлар ҳужумчилардан бири ўзини ўзи портлатиб юборганини айтганлар.

Ҳужум Россия Ташқи ишлар вазири Рашид Нургалиев Грознийда бўлиб турган вақтда уюштирилган.

Чечен расмийлари зудлик билан хавфсизлик кучлари махсус амалиёт ташкил этганлари ва жангарилар "йўқ қилинган"и ҳақида хабар тарқатганлар.

Грозний шаҳридаги ҳужумдан кейинги вазият ҳақида видеолавҳа

Грозний шифохонаси йигирмага яқин инсон жароҳатлар билан шифохонага келтирилганини маълум қилган.

Чеченистон раҳбари парламент депутатлари дарҳол хавфсиз жойга эвакуация қилинганини айтган.

Ҳужум йигирма дақиқача давом этган.

Кузатувчилар ушбу ҳужумнинг ҳали ҳам Чеченистонда барқарорлик ўрнатилмаганининг аломати сифатида кўрмоқдалар.

Москва назоратидаги Чеченистон раҳбарияти 2009 йил баҳорида республика ҳудудида аксилтеррор амалиётлари якунлангани ҳақида ҳисобот берган.

Грозний шаҳрида анча вақтдан буён бундай ҳужум кузатилмаган, республика раҳбари Рамзан Қодиров вазият ўзларининг қаттиқ назоратлари остида эканини айтиб келади.

Грознийдан тайёрланган фотолавҳа

Сўнгги ҳужумни ким уюштиргани номаълум, аммо Шимолий Қофқоз минтақаси исломий жангарилар ҳужумлари саҳнаси бўлиб келмоқда.

Охирги йилларда Чеченистонга қўшни Ингушетия, Кабардин-Болқор республикаси ва Доғистон нотинч минтақаларга айланган.

Россия расмийлари бир неча исломий жангариларни ўзлари ўтказган махсус амалиётлар натижасида ўлдирганлари ҳақида хабар тарқатишган.