Би-би-си Жаҳон хизматининг молиявий манбаси ўзгармоқда

Image caption Би-би-си Жаҳон хизмати Лондондаги Буш Хаус биносида жойлашган

Британия ҳукумати ва Британия радиокорпорацияси - Би-би-си раҳбарияти Жаҳон хизматининг келажакдаги молиявий таъминоти борасида келишувга эришганлар.

20 октябр куни Британия ҳукумати яқин келажакка мўлжалланган давлат бюджети харажатларини қисқартириш режасини эълон қилди.

Расмийларга кўра, давлат бюджети дефицити ҳамда мамлакат миллий қарзини қисқартиришга мажбурлар, буларни қоплашга ҳар йили 43 миллиард фунт стерлинг ёки 65 миллиард доллар сарфлашга тўғри келмоқда.

Шунинг учун яқин йиллар мобайнида давлат бюджетидан молияланадиган соҳаларни имкон қадар камайтириб бориш зарур.

Парламент аъзолари қаршисида чиқиш қилган Британия Молия вазири Жорж Осборнга кўра, яқин тўрт йил мобайнида 490 минг иш ўринларини қисқартиришга тўғри келади.

Бундай қисқартиришларнинг мамлакатда Иккинчи Жаҳон урушидан буён бўлмагани айтилмоқда.

Ҳукумат келаси тўрт йил ичида 130 миллиард доллар маблағни тежашни режаларкан, бу кўплаб давлат ташкилотлари бюджетининг чорак фоизга қисқаришини англатади.

Сўнгги ўзгаришлар Би-би-си Жаҳон хизматини ҳам четлаб ўтмаган.

Дунёнинг 32 тилида радиоэшиттиришлар узатиб келадиган Би-би-си Жаҳон хизмати шу пайтгача Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молияланиб келган.

Британ ташқи ишлар вазирлигининг бюджети эса келаси тўрт йил ичида 24 фоизга қисқаради.

Британ ҳукуматининг эълон қилишича, Жаҳон Хизмати энди телевизион лицензиялар орқасидан молияланади.

Телевизион лицензия Британиядаги телевизорга эга ҳар бир хонадондан талаб қилинадиган тўлов туридир.

Би-би-си Жаҳон хизматининг йиллик бюджети ҳозирда 400 миллион доллардан кўпроқни ташкил этади.

Ҳукумат Жаҳон хизматини молиялаш келгуси тўрт йилда 16 фоизга қисқаришини тасдиқлаган.

Ушбу қисқартиришлар Хитой ва Россия хорижга мўлжалланган радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар миқёсини кенгайтираётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Коалицион ҳукуматнинг айтишича, харажатлар камайиши қарз олишни камайтиришга қаратилган.

Лекин касаба уюшмалари, мухолифатдаги Лейбористлар партияси ва баъзи иқтисодчилар ҳукуматни таваккалчиликда айблашмоқда.

Уларнинг даъво қилишларича, давлат харажатларининг зудлик билан ва кескин тарзда қисқариши яна иқтисодий бўҳронга олиб келиши мумкин.