'Ўзбекистон фуқароси АҚШда одам траффигидан 6 миллион фойда кўрган'

Бу Америкадаги сўнгги йиллардаги энг йирик инсон траффиги ҳодисаси деб кўрилаяпти, жами 12 киши жиноятларда айбланаяпти.

Асосий жиноий иш жараёнлари шу йил бошида бошланган эди, кеча Канзас Сити шаҳрида жиноий гуруҳнинг асосий раҳбари деб кўрилган Аброрхўжа Асрорхўжаев маҳкамага келтирилган, бу ушбу овозали иш юзасидан маҳкаманинг бошланиши эди.

Америка матбуоти хабар қилишича, чоршанба куни маҳкама бошланиши эълон қилинган, ҳакамлар ҳайъати аниқланган, шундан кейин 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси Аброрхўжа Асрорхўжаев ўзига қўйилган тўрт банддаги айбларни бўйнига олган.

Жиноий ишда ёзилишича, Асрорхўжаевга айбларнинг узун рўйхати қўйилган.

Жиноятлар 2001-2009 йилларда содир этилган, дейилаяпти.

Айбловга кўра, Аброрхўжа Асрорхўжаев Миссуридаги Канзас Сити шаҳрида ширкат ташкил этиб, бу ширкатни юритган.

Шу билан бирга у бошқа ширкатлардан ҳам фойдаланиб, одамларни Америкага ишга ёллаган.

Америкада яхши иш таклиф қилиниб, шу йиллар давомида 100 лаб нолегал хорижлик АҚШ ҳудудига киритилган.

Уй бекаси, фаррошлик хизматлари ва қурилиш ширкатларида ишлаяпти, деб ёзилган ноқонуний меҳнат шартномалари тузилган.

Жиноий ишга кўра, Асрорхўжаев бизнесига тегишли бўлган жойларда меҳнат муҳожирларини сақлаганлар, уларга ўзлари ишлаб топганига қараганда жуда кам маош тўланган, бу билан инсон олган қарзларини узолмайдиган ёки қайтиб кетиши учун етарли маблағ йиғолмайдиган шароитга солиб қўйилган.

Бундай шароитдан норози бўлганларга таҳдид қилинган, ўзлари ёки яқинларига оқибати ёмон бўлиши билан пўписа қилинган.

Шу йўл билан Американинг 14 штатида одамларни қул аҳволига солиб ишлатишдан ташкил этилган бизнесдан 6 миллион доллар фойда кўрилган, дейилаяпти.

Америка расмийларига кўра, Аброрхўжа Асрорхўжаев билан бирга бизнес қилган яна бир ўзбекистонлик Асрорхўжаев ўзидан пул талаб қилганини, бирга жиноятларга қўл уришганини, солиқларни четлаб ўтиш билан фойда кўрганини расмийларга маълум қилган, айбларини бўйнига олган.

Қатор штатларда ҳибсга олишлар бўлиб ўтган.

Тиқилинч хонадонларда аксари филиппинлик ва Доминикан республикаси фуқаролари аниқланган, улар Америкага етиб олиш учун минглаб доллар пулга рози бўлишганини, бироқ етиб келгандан кейин оғир ишлар учун кам ҳақ олганларини, яқинларига хат-хабар бериш имконидан маҳрум бўлганларини айтганлар.

Ишда минглаб сохта Америка визаларидан фойдаланганлик ҳақида ҳам сўз боради.

Кеча маҳкамада ўзининг айбдорлигини тан олиб, азият чекканлардан узр сўраркан, энди айбни бўйнига олгани учун ўзбекистонлик Аброрхўжа Асрорхўжаевга 10 йиллик қамоқ жазоси белгиланиши мумкинлиги хабар қилинаяпти.