'Ямандаги учоқда портловчи моддалар топилган'

Дубай полициясига кўра, Дубай асосий аэропортидаги қутида портлаш содир этишга яроқли модда топилган. Жума куни АҚШда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Текширувчиларга кўра, компютер принтери ичида портловчи модда, электр симлар ҳамда мобил телефон сим картаси бўлган.

Жума куни Британиядаги аэропортда ҳам шубҳали юк топилган.

Америка президентининг террорчиликка қарши кураш бўйича маслаҳатчиси Жон Бреннан "Ал-Қоида" Оврўпо мамлакатларини нишонга олган деб айтган.

"Америка ҳужум олди олинди деб ҳисобламайди ва ҳали ҳам ҳушёрликни сақлашда давом этади, деб айтган АҚШ президенти маслаҳатчиси.

Америка расмийларига кўра, жума куни Ямандан Америкага почта орқали юборилган икки қутида портловчи модда бўлгани аниқланган.

Хат ва почта жўнатмаларини етказиш билан шуғулланадиган икки хусусий ширкат - UPS ва Fedex орқали Американинг Чикаго шаҳридаги яҳудийлар ибодатхонаси номига икки юк жўнатилган.

Бир қутида принтер картриджи ичида портлаш ускунаси ва кукунсимон модда бўлгани хабар қилинган.

Икки қути ҳам транзит юклар бўлиб, Ямандан учган учоқ аввал Британияга, кейин Америкага етиб бориши керак бўлган.

Шубҳали қутилардан бири Британиядаги аэропортда топилган ва икки хат ташувчи ширкатга тегишли барча учоқлар парвози бекор қилинган.

"Ҳужум уриниши ортида "Ал-Қоида" турган

Террорчилик хуружига уриниш бўлгани ҳақида Президент Барак Обама Америка халқига қилган мурожаатида эълон қилди.

"Ўтган кеча ва ундан олдинроқ бизнинг истиғборот ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш кучларимиз ходимлари дўстларимиз ва иттифоқичларимиз билан биргаликда Қўшма Штатларига, хусусан Чикагодаги икки яҳудий ибодатхонасига мўлжалланган икки шубҳали қутини аниқладилар. Бу қутилар Дубай ва Британиянинг Ист Мидланд аэропортида бўлган. Текширишлар бу юклар орасида портловчи модда борлигини кўрсатди. Мен фуқароларимизни бу турдаги ҳужумлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўришга буйруқ бердим", деб айтди Президент Обама.

Жаноб Обама ҳали тафсилотларни ўрганиш давом этаётган бўлса-да, ушбу ҳужумга уриниш ортида Ямандаги "Ал-Қоида" тургани ҳақида ўзлари хабардор эканинини айтди.

"Биз Араб ярим оролидаги "Ал-Қоида" бизнинг ҳудудимизга, бизнинг фуқароларимиз, дўстларимиз ва иттифоқчиларимизга ҳужум қилишни режалаштираётганини биламиз", деб айтган Америка раҳбари.

Президент Обама Америка ҳаво қўналғаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини айтди, Яқин Шарқдан Америкага учиб бораётган камида бир йўловчи учоғини Америка ҳарбий ҳаво кучларига тегишли бўлган учоқлар ерга қўнгунича кузатиб борган.

PETN ёки пентаэритриттетранитрат моддаси

Британия ички ишлар вазири Тереза Мейнинг журналистларга айтишича, почта юклари орасидаги почта жўнатмаси портлашни содир этишга қодир-қодир эмаслигини аниқлаш ишларига киришилган.

Таҳдид даражасини аниқлаш йўлида Америка ҳамда Британия мутахассислари бирга ишлаётганлари хабар қилинган.

Америкалик мутахассисларга кўра, икки қутида PETN ёки пентаэритриттетранитрат деб аталадиган модда бўлган.

Америка расмийларига кўра, ўтган йили декабрида Америкага учаётган учоқда ўзини портлатмоқчи бўлган Нигерия фуқароси Умар Фаррух Абдулмуталлибнинг ёнида худди шундай модда топилган.