Республикачилар Америка қуйи парламенти устидан назоратни қўлга киритди

АҚШда ўтказилган оралиқ сайловларда қудратдаги Демократик партия Вакиллар Палатасидаги аксар ўринларни йўқотди, бироқ улар Сенатда ҳамон кўпчиликни ташкил этади.

Ушбу сайловлар натижаси америкаликларнинг Президент Барак Обаманинг сайловолди ваъдаларини бажара олмади, дея ҳафсалалари пир бўлганининг белгиси деб кўрилмоқда.

Энди Вакиллар палатасида 239 ўринни Республикачилар, 183 ўринни Демократлар эгаллайди.

Америка парламенти юқори палатасидаги Демократ сенаторлар сони 51, Республикачилар 46 нафар бўлади.

Вакиллар палатаси спикери Республикачи Жон Бенер бўлади.

Президент Барак Обама Жон Бенерга қўнғироқ қилган, иккови "умумий жиҳатларни топа олишларига" умид билдирган.

Кузатувчиларга кўра, Республикачилар назорати остидаги Вакиллар Палатасида жаноб Обаманинг янги қонун лойиҳаларини маъқулловдан ўтказиш мушкул бўлиши мумкин.

Мухбирларнинг ёзишларича, оралиқ сайловларда Республикачилар асосий эътиборни қудратдаги партиянинг иқтисодий хатоларига қаратганлар.

Улар жаноб Обамани "бюджет маблағларини талон-тарож қилишда" айбладилар.

Кузатувчиларга кўра, америкаликлар икки йил илгари Демократларга умид боғлашар экан, Барак Обама президент этиб сайланса, иқтисодий инқироз оқибатларини қисқа вақт мобайнида бартараф этади, деб ўйлашган.

Шунингдек, оддий америкалик фуқаролар Демократлар Республикачилар ҳукмронлиги йилларида йиғилиб қолган ижтимоий муаммолар ҳал этадилар, деб билишган.

Бугунга келиб кўпчилик Президент Обама сайланишидан олдин эълон қилган дастурини ҳаётга татбиқ этишнинг уддасидан чиқа олмади, деган фикрда.

2 ноябр куни Америкада Вакиллар Палатаси аъзоси ва сенаторлар билан бирга айрим штатлар губернаторлари ҳам сайланган.