Россия президенти яна Курил Оролларига сафар қилмоқчи

Image caption Президент Медведев Курил Оролларига яна сафар қилмоқчи

Япония ҳукумати Медведев жанобларининг Душанба кунги сафаридан ҳамон ғазабда бўлишига қарамай, Россия раҳбари оролларга иккинчи сафарни режаламоқда экан.

Дмитрий Медведев Япония билан иккинчи жаҳон урушидан бери баҳс марказида бўлган ороллардан бирига сафар қилган илк Россия раҳбари бўлди.

Япония ҳукумати жиддий норозилик изҳор этар экан, Москвадаги элчисини ватанга чақириб олди.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, бу гал Медведев жаноблари Курил Оролларига сармоя ётқизиш режаларини амалга татбиқ этиш учун сафар қилади.

Курил Ороллари иккинчи жаҳон уруши якунида Шўро қўшинлари томонидан босиб олинганди.

Дипломатик ришталар таранглашуви

Image caption Японлар ғазабда...

Япония ўз элчисини чақириб олишидан кўп ўтмай, Сергей Лавров Норвегияга сафари давомида мухбирларга Токионинг бу "жиддий жавоби" қабул қилиб бўлмайдиган амалдир деб айтган.

Лавров жанобларига кўра, Россия Япония билан дипломатик муносабатларига раҳна соладиган ҳеч нарса қилмаган.

"Биз жавоб амалларини режалаётганимиз йўқ ва ҳеч қачон Япония билан муносабатларни ёмонлаштирувчи бирор бир амалга қўл урмаганмиз, " деб айтди Россия ташқи ишлар вазири.

Президент Медведев шу ой ўрталарида Тинч уммони давлатлари саммитида Япония бош вазири билан учрашиши режаланган.

Япония Иқтисодиёт вазири Банри Каида Россия билан муносабатларнинг бу тарзда ёмонлашуви салбий иқтисодий оқибатларга олиб келишидан хавотирда эканини айтган.

Курил Оролларига доир баҳсу мунозаралар Токио ва Москва ўртасида иккинчи жаҳон урушидан бери давом этади.

Икки мамлакат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланмаётганининг ҳам асосий сабаби шу ороллар юзасидан тортишув эканлиги айтилади.

Курил Оролларида балиқчилик саноати ривожланган, минерал заҳираларга бой ва эҳтимолки, ҳали очилмаган газ ва нефт конлари ҳам бор.