Россияда журналистнинг қаттиқ калтакланиши хавотирларга сабаб бўлди

Пикет
Image caption Олег Кашинга қилинган ҳужум юзасидан жиддий текширув ўтказиш талаб қилинмоқда

"Коммерсант" рўзномаси мухбири Олег Кашиннинг қаттиқ калтаклангани Россия журналистлари ва ҳуқуқ фаоллари қаттиқ хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Президент Медведевга йўлланган мурожаатномада Олег Кашин ҳамда бошқа журналистларга нисбатан содир этилган жиноятлар ҳар томонлама тергов этилиши талаб этилган.

Россия ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, журналистнинг калтакланишига касбий фаолияти сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ўтган ҳафта охирида журналист Олег Кашин ўз уйи олдида икки номаълум шахс томонидан қаттиқ калтакланиб кетилганди. Шифохонада журналистнинг аҳволи ҳануз оғир эканлиги айтилади. Шифокорларга кўра, 30 ёшли журналистнинг мияси чайқалган, бир оёғи, жағлари синдирилган ва қўл бармоғлари қаттиқ жароҳатланган.

У шифохонада бир неча жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган.

Россия прокуратураси тергов қўмитасининг махсус вакили Владимир Маркиннинг айтишича, суюқасд бўйича турли тахминлар ўрганилмоқда.

"Фожеа бўйича биз турли тахминларни ўрганмоқдамиз. Жумладан, Олег Кашин журналистик фаолияти боис калтакланганига оид тахмин ҳам шулар қаторида. Кашиннинг журналистик фаолияти ва ўз интернет-блогида билдирган фикрлари, энг асосий тахмин сифатида кўрилмоқда", деб айтди Владимир Маркин.

Image caption Шифокорларга кўра, журналистнинг мияси чайқалган, бир оёғи, жағлари синдирилган ва қўл бармоғлари қаттиқ жароҳатланган

"Коммерсант" рўзномасининг сиёсий масалалар бўйича бўлим муҳаррири Глеб Черкасовнинг айтишича, Олег Кашинга нисбатан суюқасдга у ёзган мақолалар сабаб бўлгани аниқ.

"Ҳужум журналистдан қасд олиш ва қўрқитишга қаратилган. Ҳужумчилар мақсади - Олег бундан буён юрмаслиги учун унинг оёқлари синдирилган, бошқа гапира олмаслиги учун жағлари синдирилган, бошқа мақола ёзолмаслиги учун унинг бармоқлари синдирилган. Бу нафақат Олег Кашинга, балки унинг ҳамкасбларига қаратилган огоҳлантириш амалиётидир. Агар Россия ҳокимияти ва жамияти томонидан бундай ҳодисаларга чек қўйилмаса, мамлакат келажаги жуда ёмон бўлиши мумкин", дейди журналист Глеб Черкасов.

Ўз навбатда Президент Дмитрий Медведев, Олег Кашиннинг калтаклангани бўйича очилган жиноий иш Россия Бош прокурори Юрий Чайка ва Ички ишлар вазири Рашид Нургалиевлар томонидан махсус назорат остига олинишига буйруқ берган. Кузатувчилар Коммерсант рўзномасига нисбатан суиқасд Россия жамиятида сўз эркинлиги ва журналистларга бўлган муносибатнинг яққол акс эттиришига ишора этишади.

Сиёсий фанлар доктори Алексей Бинецкийнинг фикрича, Россияда журналистларга нисбатан содир этилган жиноятларнинг аксарияти фош этилмайди.

"Олег Кашин Россияда қаттиқ калтакланган биринчи журналист эмас. Афсуски, Россияда бундай ҳоллар ниҳоятда кўп учрайди. Хусусан, Россия узоқ минтақаларида журналистларга нисбатан содир этилган жиноятларнинг аксарияти фош этилмайди", - дейди сиёсатшунос Алексей Бинецкий.

Айни дамда кўпчилик кузатувчилар "Коммерсант" мухбирига нисбатан суиқасдни буюрган шахслар қўлга олинишига шубҳа билдиришади... Мустақил манбаълар ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил бошидан буён Россияда 8 нафар журналист ўлдирилган ва 40 ортиғи калтакланган.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124