Оврўпо Иттифоқи: Туркия ҳам мақтовга сазовор, ҳам камчиликлари бор

Оврўпо Иттифоқи Туркия жамиятидаги ўзгаришларга ўзининг навбатдаги баҳосини берган.

Сиёсий ислоҳотлари учун юқори баҳо берилган, кўпроқ демократик эркинликларга даъват этилган.

Оврўпо Иттифоқининг янги ҳисоботи йиллик ҳисобот бўлиб, иттифоққа аъзоликка интилаётган қатор мамлакатлардаги ўзгаришлар кузатилади.

Оврўпо Иттифоқининг бу баҳоси "Прогресс ҳисобот" деб номланади.

Туркияга нисбатан илгари силжиш ҳисоботи 1998 йилдан буён ҳар йил чоп этиб келинади.

Бу йилги ҳисоботда Оврўпо Иттифоқи Туркиянинг қатор сиёсий ислоҳотларга эришганини юқори баҳолаган.

Аммо мамлакат янги конституцияси билан мустаҳкамланиши лозим бўлган янги демократик эркинликларга чақирилган.

Оврўпо Иттифоқи матбуот эркинлиги, хотин-қизлар ҳуқуқлари, диний ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлашда илгари силжиш бўлмаган, дея танқид билдирган.

2004 йилда иттифоқ Туркиянинг аъзо бўлиб кириши учун талаб этилган қатор соҳаларда анча прогресс бўлганини эътироф этган, бу Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига тўла аъзолиги борасидаги музокараларини бошлашга изн берган.

Аммо ўшандан буён Туркиянинг ОИ билан алоқалари анча совуқлашди.

Бунинг сабабларидан бири Туркиядаги ислоҳотлар даражаси номувофиқ деб кўрилгани, яна бошқа асосий сабаби Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг Туркияни тўла аъзо сифатида қабул қилинишига қарши чиққанлари эди.

"Прогресс ҳисобот"ларини мамлакат сурати деб аташ мумкин.

Туркиянинг бу йилги сурати аралаш-қуралаш чиққан.

Бир томондан Туркия жамиятда янгиланиш ясаётгани, иқтисодни ривожлантириб бораётгани ва айрим фундаментал сиёсий ўзгаришларни бошлагани учун мақталади.

Бошқа томондан Туркия сиёсий маданиятида "мулоқот ва муросани излаш" етишмаслиги кузатилгани таъкидланади.

Ҳисоботда айтилишича, ана шу "мулоқот ва муросага интилиш" етишмаслиги ҳукумат билан бошқа партиялар ўртасидаги муносабатларда бу йил кўпроқ кўзга ташланган.

"Асосий ҳуқуқлар, "демократик очиқлик" ва барча асосий ҳиссадорларнинг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини таъминлаш борасида янада кўпроқ ишлар амалга оширилиши керак", дейди Оврўпо Иттифоқи.

Жумладан, ўз фикрини ифодалаш эркинлигининг амалдаги татбиқи таъминланиши лозим, дейилган.

Ҳисобот Туркияни чегара баҳсларини ҳал этиш борасида ҳамда Қибрис билан муносабатларини нормаллаштиришга шошилмаётгани учун танқид этилган.

Иттифоқнинг янги ҳисоботига жавобан Туркия бош вазири "агар Туркияни қабул қилишни рад этса, ҳеч қачон Оврўпо Иттифоқи глобал қудратга айлана олмайди", деб айтди.

France 24 телеканалига берган интервьюсида Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон айтишича, бу аъзоликдан Туркиянинг ўзидан кўра ҳам Оврўпо Иттифоқи кўпроқ фойда кўради.

Бунда жаноб Эрдўғон мамлакатининг иқтисодий ривожланиши тобора кенгайиб бораётганини, жаҳондаги мусулмон дунёси билан кенг дипломатик алоқаларга эга эканини тилга олган.