Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аҳолисининг бахтли эканини билиш ҳукуматлар учун нимаси билан муҳим?

Аён бўлишича, Британия ҳукумати ўз аҳолисининг қанчалар бахтли эканини билишга аҳд қилибди.

Янги британ ҳукуматининг ташаббуси амалга ошса, Буюк Британия бу каби тадқиқотни изчил равишда ўтказиш ниятида бўлган дунёдаги биринчи давлатга айланади.

Дунёнинг қай бир мамлакатини олманг, фуқароларининг иқтисодий аҳволларига оид расмий кўрсаткичлар тиқилиб ётибди.

Бироқ бу инсонларнинг қанчалик бахтиёр эканликларини ким билади?

Бу борада расмий рақамлар бўлмагани учун ушбу саволга жавоб бериш қийин, тўғрими?

Янги британ ҳукумати эса, келаси йилдан бошлаб ана шу мавҳумликка ойдинлик киритмоқчи.

Айниқса, британ Бош вазири Девид Камерун аҳолининг қанчалар бахтли эканини билиш ишқига тушиб қолибди.

Бундан ташқари, Франция ва Канада ҳам бу масалада британлардан ортда қолиш ниятлари йўқлигини айтишмоқда.

Уларнинг сафларига яна бир қатор иқтисодчи Нобел мукофоти совриндорларининг қўшилганларини ҳам айтмайсизми!

Таниқли иқтисодчиларга кўра, аҳолининг қанчалар бахтли экани ўша давлат иқтисодининг ҳақиқий тараққиётидан дарак беради.

Бироқ британ ҳукумати аҳолисининг бахтли ёки бахтсиз эканини қандай меъёрлар асосида аниқлаш режасида эканини ошкор этаётгани йўқ.

Устига устак, британ сиёсатчилари орасида янги ташаббуснинг қанчалик оқилона эканини савол остига олаётган сиёсатчилар ҳам талайгина.

Айниқса, мамлакат бюджетидаги тақчилликларни қоплаш учун эълон қилинган кес-кеслар британ аҳолисининг таъбини тирриқ қилиб турган бир пайтда...

Биз Ўзбекистонда турли соҳаларда тадқиқотлар олиб бориб келаётган "Эксперт Ишчи гуруҳи" координатори Суҳроб Исмоилов билан боғланиб, британ ҳукуматининг ташаббусига муносабатини сўрадик.