Москвада муҳожирларга қаратилган сиёсат танқид остига олинди

Москва ҳокими Сергей Собянин пойтахт расмийларининг муҳожирларга қаратилган сиёсатини кескин танқид қилган.

Собянин жаноблари пойтахт миграция соҳасида тартиб ўрнатишни талаб этган. Сергей Собяниннинг фикрича, маҳаллий ҳокимият йўл қўйган хатолар сабабли, Москвада қарийб 2 миллион ноқонуний меҳнат муҳожири ишламоқда.

Россия Федерал миграция хизмати идораси эса, Москва ҳокими келтирган рақамлар нотўғри эканлигини айтган.

'Сиёсат ўзгариши керак'

Москва ҳокими Сергей Собянин пойтахт амалдорларининг миграция борасида олиб бораётган амаллари натижа бермаётганини айтди.

Ҳокимнинг фикрича, Москвада квотанинг қисқартирилганига қарамасдан, ноқонуний меҳнат муҳожирлари сони тобора кўпаймоқда.

"Москвада 2 миллионга яқин рўйхатдан ўтмаган меҳнат муҳожири ишлайди. Квота миқдорини сал кам 10 бараварга қисқартириш чораси ижобий натижа бермади. Меҳнат муҳожирлари Москвада деярли ноқонуний тарзда ишлашади. Мигрантлар давлатга солиқ тўлашмайди, улар назорат ва ижтимоий ҳимоядан маҳрумлар. То шу пайтгача қўлланган чоралар билан, биз ана шундай натижага эришдик", дейди Москва ҳукумати мажлисида гапирган Сергей Собянин.

Россия Федерал Миграция хизмати эса, Москва ҳокими келтирган рақамларни рад этади. Мазкур идорага кўра, жаноб Собянин келтирган рақамлар бўрттириб кўрсатилган.

Федерал Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, охирги 10 ой давомида Москвага 1,5 миллион нафар хорижлик келган ва улардан 1 350 000 нафари аллақачон Россияни тарк этган. "Ҳозир Москвада 200 мингга яқин ҳорижий меҳнат рухсатномасиз ишламоқда".

Жорий йил Москвада хорижийлар учун ажратилган квота 200 минг кишини ташкил этади. Сергей Собянинга кўра, келгуси йил учун квота миқдори ўзгармайди.

Москвадаги "Миграция ва қонун" нодавлат ташкилоти раҳбари Гавҳар Жўраева муҳожирларнинг ноқонуний ишлашларига, асосан, ҳокимият ҳамда ишга ёлловчи ширкатлар сабабчи бўлишларини айтади.

"Аввало, киритилган квота тартиби Россияда ҳануз ноқонуний муҳожирлар сони кўпайишига сабаб бўлмоқда. Муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан умуман эътиборга олинмайди. Москвада нафақат кичик, балки таниқли ва йирик ширкатларда ишлаётган муҳожирларнинг кўпчилиги ноқонуний ишлашади. Улар кўп ҳолларда қарийб қуллик шароитда ва жуда кам иш ҳаққи учун меҳнат қилишга мажбурлар. Ишга ёлловчи ширкатлар ҳам уларнинг қонуний ишлашларидан манфаатдор эмас", - дейди Гавҳар Жўраева.

Сурхандарёлик Олимжон Москвадаги қурилиш иншоотларидан бирида ишлайди. Унинг фикрича, қонуний иш топиш жуда мушкул.

"Агар омадингиз чопса иш топасиз. Узоқ муддатли ишларга олмайди. Баъзи жойларга "яхши иш" бераман деб олиб кетадилар, лекин ишлаб берганигиздан кейин пул беришмайди. Алдашади. Фақат очликдан ўлмаслик учун, фақат овқат беради, холос. Пушаймон бўлиб, кетишга мажбур бўласиз", - дейди Сурхандарёлик Неъмат ака.

Жаҳон банки ташкилоти тадқиқотлари ҳисоб-китоби бўйича, ўтган йил Россиядаги 12 миллион нафар меҳнат муҳожири уйларига 18,5 миллиард доллар пул жўнатган. МДҲ мамлакатлари орасида энг кўп пул Ўзбекистон, Украина ва Тожикистон фуқаролари тарафидан юборилган.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124